E-Visa
Электрон виза ҳақида
Электрон виза Ўзбекистон Республикасига киришни расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби ўрнатилган хорижий давлат фуқароларига берилади.
Электрон виза Ўзбекистон Республикасига саёҳат қилишни режалаштирган чет эл фуқаролари учун расмийлаштирилади.
Бундай визани расмийлаштириш учун чет эл фуқароси Ўзбекистон Республикасининг электрон виза расмий порталининг “www.e-visa.gov.uz” манзилига мурожаат юборади.
Электрон визани расмийлаштириш учун мурожаатни шакллантириш индивидуал ёки жамоавий (беш нафар ва ундан ортиқ вояга етган чет эл фуқаролари) тартибида амалга оширилади.
Жамоавий визаларни расмийлаштириш индивидуал тартибдаги визалар каби виза турини танлаш имкониятисиз амалга оширилади. Чет эл фуқароси электрон визани расмийлаштириш учун Ўзбекистон Республикасига келишни режалаштирган санага 3 (уч) иш куни қолгунича Ўзбекистон Республикасининг электрон виза расмий порталига мурожаат қилиши лозим.
Электрон визаларни расмийлаштириш учун юборилган мурожаатлар ариза топширилган кунни ҳисобламаганда 2 (икки) иш куни ичида кўриб чиқилади.
Электрон виза Ўзбекистон Республикасига кирилган кундан 30 кунгача бўлган муддат билан бир марта кириш учун расмийлаштирилади.
Электрон виза Ўзбекистон Республикасига кириш учун расмийлаштирилган кундан бошлаб 90 кун давомида амал қилади.
Агар визанинг амал қилиш муддати чет эл фуқароси республика ҳудудига кирган вақтда 30 кундан кам қолган бўлса, хорижий фуқаронинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб туриш муддати электрон визанинг амал қилиш муддатидан ошмаслиги керак.
Электрон визани расмийлаштириш учун юборилган мурожаатларни кўриб чиқиш учун порталда интеграциялашган халқаро пул ўтказмаси тизимлари орқали 20 АҚШ доллари миқдорида давлат божи олинади. Давлат божи фақат электрон визани расмийлаштириш учун юборилган мурожаатни кўриб чиқиш учун олинади ва қайтарилмайди.
Чет эл фуқароларига электрон виза бериш Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўрсатилган ҳолатларда рад этилиши мумкин. Бундай вазиятда чет эл фуқаросининг электрон почта манзилига рад этилганлиги бўйича тегишли хабар юборилади.
Электрон виза ҳақиқий саёҳат ҳужжати (паспорт) асосида берилади, саёҳат ҳужжати алмаштирилган тақдирда эса электрон визани қайтадан олиш лозим.
Чет эл фуқароси Ўзбекистон Республикасининг давлат чегарасидан ўтишида ҳамда мамлакатда бўлиб туриш вақтида ҳақиқий саёҳат ҳужжати (паспорти) ва электрон визасини қоғоз ёки электрон шаклда тақдим этиши лозим.
Электрон виза ҳақиқий саёҳат ҳужжати, шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан мос равишда берилади ва мазкур ҳужжатлар тақдим этилганидагина ҳақиқий ҳисобланади.
Расмийлаштирилган электрон виза ҳамда чет эл фуқаросининг саёҳат ҳужжати ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатидаги маълумотлар билан мос келмаган ҳолда электрон виза ҳақиқий ҳисобланмайди.
Чет эл фуқароси электрон визани расмийлаштириш учун юборилган мурожаатидаги маълумотлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олади.
Икки ва ундан ортиқ давлатда фуқаролиги бўлган хорижий фуқаролар электрон визани расмийлаштириш учун мурожаат юбориш чоғида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қайси давлатдан келишни режалаштираётган бўлса, ўша давлатнинг саёҳат ҳужжатини танлаши лозим.
Мурожаатни кўриб чиқиш натижаси аризачининг электрон почта манзилига юборилади.
Веб-портал ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг электрон виза расмий портали www.e-viza.gov.uz интернет манзилида фаолият юритади.
Портал инглиз, рус ва ўзбек тилларида ишлайди.
Электрон визани веб портал орқали расмийлаштириш икки босқичда амалга оширилади: мурожаат ва жавоб бериш.
Ўзбекистон Республикасига кириш электрон визасини расмийлаштириш учун мурожаат қуйидаги тартибда шакллантирилади:
“Мамлакат” бўлимида давлат, саёҳат ҳужжати ва келишдан мақсад танланади;
“Сана” бўлимида Ўзбекистон Республикасида бўлиб туриш даври кўрсатилади;
“Шахсий маълумотлар” бўлимида чет эл фуқаросининг биографик маълумотлари киритилади;
“Фото ва паспорт” бўлимида шахснинг фотосурати ва саёҳат ҳужжатининг нусхаси жойланади;
“Фаоллаштириш” бўлимида электрон почта манзили киритилади;
“Тўлов” бўлимида Visa халқаро пул ўтказмалари тизими орқали давлат божи тўланади.
Агар Ўзбекистон Республикаси билан тузилган халқаро шартномалар асосида чет эл фуқароси Ўзбекистон Республикасига визасиз кириш ҳуқуқига эга бўлса, мурожаат юбориш жараёни тўлов қилгунгача тўхтатилади ва фойдаланувчига визани расмийлаштиришнинг зарурати йўқлиги ҳақида хабар берилади.
Чет эл фуқароси истиқомат қиладиган давлат Ўзбекистон Республикасига киришни расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби ўрнатилган мамлакатлар рўйхатида бўлмаса, тизим фойдаланувчига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тегишли халқаро муассасаларига мурожаат қилиш зарурлиги ҳақида огоҳлантиради.
Шахсий маълумотларни киритиш чет эл фуқароси Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киришни режалаштираётган ҳақиқий саёҳат ҳужжати маълумотларига мос ҳолда инглиз тилида амалга оширилади.
Шахснинг жойланадиган фотосурати Фуқаро авиацияси халқаро ташкилотининг ДОК9303 тавсияномасига мос бўлиши керак.
Саёҳат ҳужжатининг маълумотлар саҳифасининг электрон нусхаси ўқиладиган ҳолда бўлиши (файл ҳажми 500 Кб дан ошмаслиги) лозим.
Электрон визани расмийлаштириш учун юборилган мурожаатни фаоллаштириш бевосита чет эл фуқаросининг электрон почта манзилига жўнатилган рақамли кодни киритиш орқали амалга оширилади.
Давлат божи Visa карталари орқали тўланади. Давлат божи тўланганидан сўнг чет эл фуқаросининг электрон почта манзилига унинг маълумотлари кўриб чиқиш учун муваффақиятли қабул қилингани ҳақида хабар юборилади.
Веб порталда, шунингдек, мурожаат ҳолатини кузатиш имконияти ҳам яратилган.
Электрон визани бериш ҳақида ижобий қарор қабул қилинса, чет эл фуқаросининг электрон почта манзилига “pdf” форматидаги электрон виза юборилади.
Электрон виза бериш рад этилганида чет эл фуқаросининг электрон почта манзилига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг халқаро муассасаларига мурожаат қилиш зарурлиги ҳақида хабар юборилади.
Портал фаолиятида узулиш кузатилса, (+998 71 ) 200-00-88 рақамига мурожаат қилиш ёки веб порталнинг қайта алоқа хизмати (info@evisa.gov.uz) дан фойдаланиш зарур.