Болаларга ғамхўрлик ва эътибор миллий тараққиётимиз келажаги кафолатидир
Мамлакатимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.
Конституциямизда жамият ҳаётининг барча жабҳаларидаги энг муҳим масалалар қаторида бола ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш вазифаси ҳам ўз ифодасини топди. Жумладан, Бош қонунимизга асосан, болалар меҳнатининг боланинг соғлиғи, хавфсизлиги, ахлоқи, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан, таълим олишга тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланди.
Шунингдек, илк бор таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланиши алоҳида мустаҳкамланди. Энг муҳими, Конституцияга бир қатор янги боблар киритилиб, унда болаларнинг мақоми янада кучайтирилди. Хусусан, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунга қадар боқиши, тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурлиги белгилаб қўйилди.
Бош қонунимизда давлат ва жамият етим, ота-онаси васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш, уларнинг таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишини таъминлаши ҳам акс этган. Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шароитларни яратиш давлатнинг мажбурияти экани алоҳида белгиланган.
Болаларга ғамхўрлик қилиш, доимо қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилишга давлат сиёсати даражасида катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки юртимизда болалар ҳаётимиз давомчилари, келажак ворислари сифатида қадрланади, мамлакатнинг бебаҳо хазинаси ҳисобланади. Агар болаларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва орзу-интилишларини рўёбга чиқаришга зарур шароит яратилса, уларда олдинга интилиш, ҳаракат бўлади. Конституциямизда ўз ифодасини топган ушбу янгиликлар фарзандларимизнинг ҳар жиҳатдан соғлом, ҳур фикрли авлод сифатида камолга етишишига хизмат қилади.
Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган халқаро ҳужжатларни ва шу асосда қабул қилинган қонунлар ижросини таъминлашда босқичма-босқич, тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Таҳлиллар кўрсатмоқдаки, 2017 йилдан бошлаб давлатнинг бу борадаги фаолияти тубдан ўзгарди. Энди ислоҳотлар “Инсон манфаати ҳамма нарсадан устун” тамойилини амалда рўёбга чиқаришга қаратилди.
Хусусан, болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими тугатилиб, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) институти алоҳида таъсис этилди. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга, шунингдек, болаларнинг ота-она қарамоғидан маҳрум бўлишининг олдини олиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари ва тарбия колониялари фаолиятида бола ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш ваколати берилди.
Бугун ҳаётимизда болаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ муаммоли ҳолатлар учраб туради. Баъзида ҳатто болаларнинг ўз яқинлари ҳам уларнинг манфаатига зид хатти-ҳаракат қилиши, болалар ўз яқинлари томонидан зўравонликка учраши ҳам мумкин. Шундай вазиятда бола ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб васийлик ва ҳомийлик органига, шунингдек, бошқа давлат органларига мустақил равишда мурожаат қилишга ҳақли экани белгилаб қўйилган. Бунда мурожаат бола тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмагани сабабли кўриб чиқилмасдан қолдирилишига йўл қўйилмайди.
Бундан ташқари, қонунларимизда оилада ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда бола ўз фикрини ифода этишга, ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама жараёнида сўзлашга ҳақли экани белгиланган. Бунда қарор қабул қилишга ваколатли бўлган органлар ва мансабдор шахслар боланинг манфаатларига тааллуқли масалаларни ҳал қилишда унинг фикрини, ёшидан қатъи назар, кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилиши шарт.
Жорий йил апрель ойида “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, боланинг ҳуқуқ ва эркинликлари янада кучайтирилди. Мазкур қонун хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ҳамда ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга, болалар орасида назоратсизлик ва улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга, ногиронлиги бўлган ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Янги таҳрирдаги Конституциямизни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мустаҳкамланган устувор тамойилларни янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органлари фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлаш мақсадида 2023 йил 8 май куни Президентимизнинг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди.
Унда Олий Мажлис палаталарига бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, боланинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлиқ ривожланиши учун муносиб шарт-шароитларни яратиш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилиш тавсия этилган. Шу муносабат билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида “Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилиб, депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал маъқулланди.
Мазкур қонун лойиҳасида Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг мақоми, унинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, вазифалари ва ваколатлари, давлат органлари, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро муносабатлари белгиланмоқда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга давлат органлари ва барча мансабдор шахслар томонидан бола ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлаш ваколатлари ҳамда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахсларга тобе бўлмаган тарзда амалга ошириши кўзда тутилган.
Ҳозирги кунда Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан мазкур қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга тайёрланмоқда. Ишончимиз комилки, бу қонуннинг қабул қилиниши натижасида Ўзбекистонда бола ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг кафолатлари кучаяди. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, унга қонун билан берилган ваколат доирасида боланинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга ва уларни амалда таъминлашга масъул бўлган тегишли ташкилотларнинг фаолияти устидан самарали парламент назоратини ўрнатишга хизмат қилади.
Шуҳрат Бафоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси