Ўзбекистон-Италия: тарихий мулоқот янги мазмун билан бойимоқда
Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Италия Президенти Сержо Маттарелла 9-11 ноябрь кунлари ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.
Италия Ўзбекистоннинг муҳим ва ишончли ҳамкорларидан биридир. Мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 24 мартда ўрнатилган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 8-9 июнь кунлари Италияга расмий ташрифи Ўзбекистон-Италия кўп қиррали ҳамкорлигини ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб берди. Ташриф доирасида давлатимиз раҳбари Италия Президенти Сержо Маттарелла, Бош вазир Жоржа Мелони, ушбу мамлакат ишбилармон доиралари ва ҳудудлари вакиллари билан самарали музокаралар ўтказди. Ташриф якунлари бўйича икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида қўшма декларация қабул қилинди ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган 11 та давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди. Ушбу ҳужжатларнинг қабул қилиниши сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, энергетика, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликка кучли туртки берди.
Ўзбекистон ва Италия БМТ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келмоқда. Италия Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда шериклик, яхши қўшничилик ва ишонч муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди, шунингдек, «Италия-Марказий Осиё» ҳамкорлик форматини янада ривожлантириш тарафдори.
Бугунги кунга қадар икки давлат ўртасидаги муносабатларда ҳамкорликни мувофиқлаштириш учун барча зарур институционал механизмлар яратилган ва улар муваффақиятли ишламоқда. Икки давлат ташқи сиёсат идоралари ўртасида мунтазам равишда сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилиб, уларда икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинаётир. Шунингдек, Савдо-иқтисодий, саноат ҳамкорлик ва экспорт кредитлари бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳи самарали фаолият кўрсатаяпти.
Икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро алоқалар ҳам изчил ривож топмоқда. 2011 йилдан буён Италия парламенти Депутатлар палатаси ва Сенати билан ҳамкорлик қилиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатида парламентлараро гуруҳлар фаолият юритяпти. Шунингдек, Италия парламентида «Италия – Марказий Осиё» дўстлик гуруҳи тузилган.
Мамлакатларимиз ўртасидаги идоралараро ва ҳудудлараро ҳамкорлик янги янги суръат касб этаётир.
Ўзбекистон ва Италиянинг ўзаро муносабатларни чуқурлаштиришдан ўзаро манфаатдорлиги савдо-иқтисодий алоқалар ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришнинг бугунги динамикасини белгилаб беради.
Италиялик инвесторларнинг Ўзбекистонга қизиқишини давлатимиз раҳбарининг июнь ойидаги ташрифи арафасида икки мамлакат ишбилармон доираларининг 300 га яқин вакили иштирокида ўтказилган қўшма бизнес-форум якунлари, шунингдек, Миланда Президент Шавкат Мирзиёев ва ушбу мамлакатнинг йирик компаниялари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган давра суҳбати ҳам тасдиқлайди.
Бизнес-форум якунлари бўйича энергетика, газ-кимё ва нефть-газ саноати, металлургия, кимё, тўқимачилик саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳаларда ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутувчи умумий қиймати 9 миллиард евродан ортиқ бўлган инвестиция ва савдо битимлари имзоланди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Италия капитали иштирокидаги 52 та корхона фаолият кўрсатади. Улардан 33 таси қўшма ва 19 таси эса тўлиқ Италия сармоялари асосида ташкил этилган. Олтита Италия компаниясининг офислари, шунингдек, Италия-Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Ўзбекистон Инвестициялар ва саноат вазирлиги ҳузурида аккредитациядан ўтган. Уларнинг асосий фаолият йўналишлари заъфарон, алкоголсиз ичимликлар, вино, шиша аксессуарлари, атир-упа, музқаймоқ, трикотаж, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш, пахта чиқиндиларини қайта ишлаш, савдо-сотиқ ва воситачилик хизматларидан иборат.
Энг қулай давлат режими Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги савдода қўлланилади. Жорий йилнинг 9 ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 390 миллион АҚШ долларини ташкил этди.
Икки давлат тадбиркорларининг ҳудудлараро ҳамкорлиги кенгаймоқда, хусусан, Тошкент вилояти ва Италиянинг Ломбардия минтақаси ўртасида коммунал инфратузилма, кимё, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи дастур ишлаб чиқилди.
«Ўзбекистон Европа ва Осиё ўртасидаги кўприк, шериклик нуқтаи назаридан стратегик давлат, улкан салоҳиятга эга. Биз Ўзбекистоннинг замонавий ривожланишида иштирок этишни истаймиз ва кўп томонлама муносабатларимизни чуқурлаштиришга тайёрмиз. Тадбиркорлар илғор технологиялар ва юқори сифатли якуний маҳсулотлар таклиф этувчи ҳамкорликка тайёр. Биз икки томонлама ҳамкорлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун кўмак берамиз», — деди Италия ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири ўринбосари Эдмондо Чириелли жорий йилнинг июнь ойида бўлиб ўтган бизнес-форумдаги нутқида.
Ўз навбатида, бугунги кунда Ўзбекистон италияликлар бизнесини кенг қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ва уларнинг мамлакатимиздаги фаолияти учун самарали платформа яратишга тайёр.
Икки мамлакат халқлари ўртасидаги чуқур тарихий илдизларга бориб тақаладиган маданий-гуманитар алоқалар, илиқ, дўстона муносабатлар Ўзбекистон-Италия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Буюк ипак йўли даврида Рим ва Мовароуннаҳр ўртасида маданий алмашинувлар йўлга қўйилган бўлиб, фаол савдо-сотиқ ишлари олиб борилган. Хусусан, юртимизда амалга оширилган археологик қазишмалар давомида илдизлари Римга бориб тақаладиган артефактлар аниқланди. Масалан, эски Термиз шаҳри харобалари остидан Траян ва Марк Аврелий императорлари даврига оид юзлаб кумуш тангалар, нафис мармардан ишланган ҳайкалчалар қолдиқлари ва Рим худолари тасвирлари туширилган ноёб ашёлар топилган. Ўрта ер денгизи ва Марказий Осиё минтақалари ўртасида савдо алоқаларидан ташқари дипломатик муносабатлар ҳам ривожланган. Римга кушонлар, хоразмийлар ва туркийлар элчилари бир неча бор ташриф буюрган. Шу билан бирга, муносабатларнинг энг гуллаб-яшнаган онлари Амир Темур ҳукумронлиги даврига тўғри келади. Ўша пайтда Шарққа экспедиция билан ташриф буюрган венециялик савдогарлар ўз таржимаи ҳолларида ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидаги шаҳарлар – Бухоро ва Самарқанднинг гўзаллиги ҳамда улуғворлигини юқори баҳолаган.
Бугунги кунда икки мамлакат олимлари мазкур маданиятлар тарихи ва меросини чуқур ўрганмоқда, ўзаро тажриба ва тадқиқот натижалари билан алмашмоқда. Неапол университети ва Римнинг Сапиенца университети билан ҳамкорликда «Ўзбекистон маданий мероси Италия тўпламларида» китобининг нашр этилиши мазкур йўналишда ўзаро ҳаморликнинг ёрқин натижаларидан бири бўлди.
Жорий йилнинг 8 июнь куни бўлиб ўтган давлатимиз раҳбарининг Италияга расмий ташрифи доирасида мамлакатларимиз ўртасида маданий ва илмий ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим имзоланди. Ҳужжатда мазкур соҳалардаги ҳамкорликнинг истиқболлари ва янги йўналишларини белгилаб берилган. Ташриф доирасида мамлакатларимиз ўртасида 2026 йилгача бўлган даврга мўлжалланган янги маданий алмашинув дастури ҳам имзоланди.
Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон ва Италия ўртасида таълим, туризм, маданият ва санъат, спорт ва археология соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш борасида муайян натижаларга эришилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда италян тилини ўргатиш бўйича курслар фаол ишламоқда. Тошкентда Турин политехника университети ва Пиза университетининг филиаллари фаолият юритмоқда. Айни пайтда ушбу олий таълим муассасаларида 700 дан ортиқ талаба таҳсил олади.
«Эразмус+» дастури орқали Италиядаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари кенг ривожланяпти. Рим ва Тошкент алоқалари инновациялар ва ёшлар тадбиркорлиги соҳаларини ҳам қамраб олган. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ёшлар ўртасида стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма дастурни ишга тушириш имконияти кўриб чиқилмоқда.
Ўзбекистон Фанлар академияси ва Италия Миллий тадқиқот кенгаши ўртасида 2021 йилда имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасидаги ҳамкорлик изчил давом этаяпти.
Ўзбекистон Миллий павильони учинчи йилдирки Венеция Халқаро архитектура биенналесининг италиялик ва хорижий меҳмонлари орасида катта муваффақиятга эришмоқда.
Икки давлат ўртасида сайёҳлар оқимини ошириш бўйича ижобий натижалар кўзга ташланаётир. Жумладан, 2022 йилда Ўзбекистонга 9 мингга яқин италиялик сайёҳ келди. Бугунги кунда Италия Ўзбекистонга сайёҳлари фаол ташриф буюрадиган Европанинг бешта давлатидан бири ҳисобланади.
Хулоса ўрнида қайд этиш керакки, Ўзбекистон ва Италия ўртасида бугунги кунга қадар эришилган ўзаро англашув ва шериклик даражаси сиёсий, иқтисодий ва маданий мулоқотни муваффақиятли давом эттириш ҳамда икки давлат ҳамкорлигини ривожлантиришда янги уйғониш даврининг бошланиши учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаяпти. Шу нуқтаи назардан, Италия Президенти Сержо Маттарелланинг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи бу жараёнга яна бир кучли туртки бўлиб, томонлар ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва стратегик шерикликни ҳар жиҳатдан кенгайтириш ва чуқурлаштиришга интилишнинг яққол тасдиғи бўлади.