Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг Туркий давлатлар ташкилоти саммити якунлари бўйича матбуот анжуманидаги нутқи
(Самарқанд шаҳри, 2022 йил 1 ноябрь)
Ҳурматли оммавий ахборот воситалари вакиллари!
Аввало, Туркий давлатлар ташкилоти саммити ва унинг доирасида ўтказилган тадбирларга эътиборингиз ҳамда фаол иштирокингиз учун ҳар бирингизга миннатдорчилик билдирмоқчиман.
Сизларнинг фаолиятингиз туфайли Ташкилонинг нуфузи янада мустаҳкамланиб, жаҳон ҳамжамиятининг унга бўлган қизиқиши ортиб бормоқда.
Сўнгги кунларда Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотининг турли тадбирлари учун учрашув ва музокаралар майдонига айланди.
Халқаро форум, конференциялар ва учрашувларда иштирок этиш учун ташриф буюрган расмий хорижий делегациялар ва меҳмонлар самимий кутиб олинди.
Ўзбекистон Президенти, муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев раислигида 6 та аъзо ва кузатувчи давлатлар раҳбарлари, Бош котиб ва тузилмалар раҳбарлари иштирок этган бугунги саммит юртимизда Тошкилот доирасида бўлиб ўтган барча воқеаларнинг мантиқий якуни бўлди.
Ўзбекистон Президенти Саммит меҳмонларини қутлар экан, ҳамкасбларига қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқандни Туркий цивилизация пойтахти деб эълон қилишни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.
Дарҳақиқат, бу қарор ўз-ўзидан қабул қилинмади. Зеро Самарқанд шаҳри бутун туркий халқларнинг фахридир.
У буюк туркий сулолаларнинг пойтахти бўлиб, туркий халқларнинг давлатчилиги, илм-фан ва санъати ривожига улкан ҳисса қўшган макон ҳисобланади.
“Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” шиори остида ўтказилган саммит туркий давлатлар ўртасидаги амалий ҳамкорлик учун янги уфқлар ва истиқболларни очди.
Давлатимиз Раҳбари таъкидлаганидек, бу сафарги саммитнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, туркий оила кўп асрлик тарихимизда илк бор янгиланган ташкилотимиз доирасида тўлиқ йиғилди.
Туркманистон Халқ Маслаҳати “Миллий Генгеш” раиси ҳурматли Гурбангули Бердимуҳамедов ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон Жаноби Олийларининг Турк дунёсининг энг олий ордени билан тақдирланиши Саммитнинг муҳим воқеаси бўлди.
Ўзбекистон раҳбари ушбу мукофотлар икки қардош давлатнинг халқларимиз бирлигини мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларига берилган юксак баҳо эканини таъкидладилар.
Шу билан бирга, томонларнинг якдиллик билан қабул қилган қарори асосида ўтган йили Ўзбекистон томони ташаббуси билан таъсис этилган Туркий дунё бирлигини таъминлашга қўшган ҳиссаси учун Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот буюк қирғиз ёзувчиси, давлат ва жамоат арбоби, шунингдек, туркий халқлар тарихи ва маданиятини бутун дунёга ёйишда беқиёс ҳисса қўшган бетакрор шахс Чингиз Айтматовга (абадий) берилди.
Ҳурматли матбуот анжумани иштирокчилари!
Саммит чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти “Туркий давлатлар ташкилоти ўз тараққиётининг янги, янада муҳим босқичига қадам қўймоқда, у ҳамкорликнинг кўплаб устувор вазифаларини ҳал қилиши керак” деб айтиб ўтдилар.
Шу нуқтаи назардан, Мамлакатимиз Раҳбари Ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг долзарб масалалари бўйича қатор аниқ таклиф ва амалий ташаббусларни илгари сурди.
Аввало, ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш, «яшил» иқтисодиёт, ахборот технологиялари ва транспорт коммуникацияларини ривожлантириш орқали савдо-иқтисодий алоқалар асосларини мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди.
Ушбу ғояларни амалга ошириш мақсадида Ташкилот шафелигида “Янги иқтисодий имкониятлар маконлари”ни шакллантириш, Халқаро туркий иқтисодий форумни ўтказиш, транспорт соҳасида ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Ўзбекистон Президенти, шунингдек, Ташкилот маконида озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришнинг самарали механизмларини шакллантириш бўйича битим тузиш ва ушбу ҳужжат орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигига алоҳида урғу бердилар.
Ёшлар соҳасидаги ҳамкорликка эътибор қаратилиб, келаси йили Туркий давлатлар ёшларининг фан ва инновациялар бўйича халқаро конгрессини ўтказиш таклиф этилди.
Бундан ташқари, Давлатимиз раҳбари ҳамкасбларини ташкилотнинг институционал ислоҳотларини амалга оширишга чақирди. Хусусан, хавфсизлик, савдо, инвестиция, транспорт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, туризм, фан ва технология, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда қўмиталар ташкил этиш таклифини илгари сурди.
Азиз дўстлар,
Саммит кун тартибига кўра, давлатлар раҳбарлари дўстона ва конструктив руҳда ўтган музокаралар чоғида Ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди, минтақавий ва халқаро вазият юзасидан фикр алмашдилар.
Туркий давлатлар етакчилари жаҳонда рўй бераётган воқеаларнинг жадаллашуви ва халқаро муносабатлардаги ўзгаришлар Туркий давлатлар ташкилотини замонавий воқеликка доимий мослаштириш зарурлигини тақозо этишини айтиб ўтдилар.
Иштирокчилар эътиборни замонамизнинг кучайиб бораётган таҳдид ва таҳликаларини енгиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида стратегик масалалар бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйиш зарурлигига қаратишди.
Шу нуқтайи назардан, давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган тинчлик ва барқарорликни, кенг халқаро ҳамкорликни таъминлаш ва инсониятнинг барқарор ривожланишига кўмаклашишга қаратилган “Умумий хавфсизлик ва фаровонлик учун Самарқанд бирдамлик ташаббуси”ни олқишладилар.
Халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан аъзо давлатларнинг келишилган позициялари саммитнинг асосий якуний ҳужжати сифатида қабул қилинган Самарқанд декларациясида қайд этилди.
Шунингдек, у минтақавий ва глобал муаммоларни ҳал қилишда томонларнинг умумий ёндашувларини акс эттиради ва Ташкилотни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб беради.
Музокаралар якунлари бўйича 10 дан ортиқ кўптомонлама ҳужжат қабул қилинди. Бу эса, шубҳасиз, Ташкилот фаолиятининг истиқболли йўналишлари бўйича ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги амалий мазмун билан тўлдиришга хизмат қилади.
“Туркий нигоҳ - 2040” концепциясини амалга ошириш доирасида 2022-2026-йилларга мўлжалланган Туркий давлатлар ташкилоти стратегиясининг қабул қилинганини алоҳида қайд этиб ўтмоқчиман.
Бу ҳужжатнинг амалга оширилиши мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини беради.
Пандемиядан кейинги даврда ва жаҳон иқтисодиётидаги нотинчликнинг кучайиши шароитида Ташкилот маконида иқтисодий тикланишни жадаллаштириш мақсадида аъзо давлатлар ўртасида Савдони енгиллаштириш стратегияси тасдиқланди ва Соддалаштирилган божхона коридорлари тизимини шакллантириш тўғрисидаги битим имзоланди.
Туркий инвестиция фондини қисқа муддатларда ташкил этиш тўғрисидаги қарор ўзига хос бир ютуқ бўлди деб ҳеч шубҳасиз айта оламиз.
Бу Ташкилот мамлакатлари ўртасидаги ўзаро манфаатли лойиҳа бўйича ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда ва реал секторларда ҳамкорликни ривожлантиришда умумий кучли сиёсий-ҳуқуқий иродани намоён этди.
Бундан ташқари, Саммит доирасида Халқаро аралаш юк ташишлар тўғрисидаги битим ва Транспорт боғлиқлиги дастури имзоланди.
Бу эса транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун янги имкониятларни яратади.
Ташкилот фаолиятини такомиллаштириш, унинг институционал асосларини мустаҳкамлаш мақсадида Нахичеван битимига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги Протокол ва Ташкилотнинг янги таҳрирдаги ички қоидалари қабул килинди.
Улар Ташкилотимиз фаолиятида тенглик, ўзаро ҳурмат ва барча қарорларни консенсус асосда қабул қилиш каби ҳамкорликнинг асосий қадриятларига содиқликни тасдиқлайди.
Азиз дўстлар,
Самарқанд саммити барқарорлик, хавфсизлик ва узлуксиз тараққиётни таъминлаш манфаатлари йўлида кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг янги йўналишларини белгилаш имконини берди.
Бундан ташқари, Саммит Туркия Республикасининг муваффақиятли раислигини якунлади ва бу давлат раҳбарлари томонидан юқори баҳоланди.
Раислик Ўзбекистон Республикасига ўтди ва у албатта самарадорлик ва амалий натижаларга қаратилади.
Аъзо давлатлар Ўзбекистон Президентининг келаётган 2023-йилни Туркий цивилизациянинг юксалиши йили деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифини бир овоздан қўллаб-қувватлашди.
Ўзбекистон Ташкилот халқаро кун тартибидаги долзарб масалаларни конструктив муҳокама қилиш, туркий дунёда қардош халқлар ўртасидаги маданий алоқалар ва анъаналарни мустаҳкамлаш учун самарали халқаро платформа бўлиб хизмат қилишда давом этиши учун саъй-ҳаракатларини изчил амалга ошириб боришини ишонтириб айтмоқчиман.
Қозоғистон томонининг таклифига кўра, Ташкилотнинг навбатдаги саммитини 2023 йилда Қозоғистонда ўтказишга қарор қилинди.
Сўзим сўнгида шуни алоҳида айтиб ўтишни истардимки, Саммит якунида муҳтарам Бағдод Култаевичнинг Бош котиблик ваколати муддати тугади.
Давлат раҳбарлари унинг Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги ғайратли ва самарали фаолияти учун миннатдорчилик билдирдилар.
Ҳурматли Бағдод Култаевичнинг янги ишларида ўз номимдан ҳам муваффақиятлар тилаб қоламан.
Қирғизистон Республикаси номзоди, ҳурматли Омуралиев Кубаничбек Қосимович, Туркий давлатлар ташкилоти янги Бош котиби лавозимига тасдиқланди. Унинг келгуси фаолиятида зафарлар тилайман.
Эътиборингиз учун ташаккур.
Анвар Илёсов олган сурат («Дунё» АА)