Маннон Уйғур яратган мактаб. Ўзбек миллий театр санъатидаги ўрни ҳар жиҳатдан эътирофга лойиқ
Журналистлар жамоаси ижодий ҳамкорлик, фикр алмашиш, баҳс-мунозара масаласига жиддий ёндашиб келади. Атоқли ўзбек театри арбоби, режиссёр, актёр, таржимон, драматург, педагог, миллий театр мактаби асосчиларидан бири, буюк санъаткорлар “Оға”си Маннон Уйғур ҳақида мақола тайёрлаётганимдан хабар топган бир ҳамкасбимиз маслаҳат солиб қолди:
– Тошкентда бир пайтлар энг узун кўчалардан бири Маннон Уйғур номи билан аталган. Билишимча, ҳозир номи ўзгарди, шекилли. Шунга ҳам аниқлик киритиб кетсангиз, яхши бўлар эди.
Ўйлаб қарасам, агар ростдан ҳам шундай ўзгариш қилинган бўлса, буни аниқлаш фикри – жўяли маслаҳат. Тошкент шаҳар ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Акмал Рўзитоев билан боғландим.
– Бу қисман тўғри, – деди ҳокимлик вакили. – Бир неча йил аввал Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши қарори билан пойтахтимиздаги янги кўчаларга ном берилди, мавжудларидан айримларининг номи ўзгарди. Маннон Уйғур кўчасининг бир бўлаги Кўкча Дарвоза номини олди, лекин асосий қисми аслича қолдирилган. Ҳозир пойтахтимизда Маннон Уйғур номидаги битта катта кўча, битта тор ва битта берк кўчалар мавжуд. Бундан ташқари, Шайҳонтохур туманида санъат арбоби номи берилган маҳалла ҳам бор.
Эшитган – бошқа, кўрган – бошқа. Маннон Уйғур кўчасига туташ шу номли маҳаллани ҳам топдик. Ҳудуднинг кўринарли жойида Маннон Уйғурга бағишлаб унинг хизматлари қайд этилган лавҳа ҳам ўрнатилганига кўзимиз тушди.
– Маҳалламизга Маннон Уйғур вафотидан бир йил ўтиб, 1956 йил унинг номи берилган, – дейди раис Шокирбек Музробеков. – Кўриб турганингиздек, кўчаларимиз саришта, обод, одамлари аҳил. Маҳалламиз улуғ санъат арбоби номига муносиб намунали маҳалла ҳисобланади. Турли байрам тадбирларимизга Ўзбек миллий драма театри актёрларини ҳам таклиф қиламиз, улар бажонидил иштирок этиб, халқимизга маънавий завқ улашади, устозларига ҳурмат бажо келтиришади.
Олти мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган маҳалланинг ёши улуғлари бундай тадбирларда Маннон Уйғурнинг чин шогирдлари қатнашишни канда қилмаганини яхши эслашади.
– Маҳалламиз тадбирларида эл назаридаги буюк санъаткорлар, актёрлар билан кўп суҳбатлашганмиз, дилдан гурунглашганмиз, аскияларига қўшилганмиз, – дея хотирлайди меҳнат фахрийси Мақсуд ота Султонов. – Ёдимда, 60-йилларнинг охири қайсидир байрам арафасида халқ артистлари Наби Раҳимов, Зикир Муҳаммаджонов бошчилигида санъаткорлар билан учрашув бўлди. Улар устозлари Маннон Уйғур ҳақида, ўзларини у кишининг номидаги маҳалланинг аъзосидек ҳис қилишлари ҳақида гапиришди. Одамлар хурсанд, кайфият байрамона. Бир пайт аския бошланиб кетса, денг. Давра бир зумда катта сайл руҳини олди. Биздан ёши улуғлар ҳалқ артистлари билан теппа-тенг “ташлашиб” туришибди, атроф – кулгу, қаҳқаҳа, қийқириқ. Бундай дамларни эсдан чиқариб бўлмайди!
Қизиқиш туфайли маҳалла раиси Шокирбек Музробеков ва оқсоқол Мақсуд ота Султоновни саволга тутдик:
– “Уйғур” – буюк санъаткорнинг тахаллуси. Ҳақиқий исмлари – Абдуманнон Мажидов! У киши ўзига нега бундай тахаллус танлаган?
Саволимиз жавобсиз қолди ва бу табиий эди. Чунки...
Чунки, мақолани тайёрлаш жараёнида ушбу саволга жавоб излаб қатор манбалар билан танишишга тўғри келди. Бу масала нафақат бизни, ўз пайтида жуда кўпчиликни ҳам қизиқтирган экан. Энг жўяли жавобга Маннон Уйғурнинг чин шогирдларидан бири Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ артисти Зикир Муҳаммаджоновнинг ўз вақтида эълон қилинган мақоласида дуч келгандек бўлдик. Мақоладан олинган қуйидаги парча масалага бироз ойдинлик киритса керак:
“У киши Қуръони каримни бошидан охиригача ёд билган экан. Айтишларича, ўша вақтдаёқ ўзига тахаллус танлаб олган. Бу тахаллус Уйғур бўлиб, унинг маъносини ўзи билган-у, бошқаларга айтмаган. Ўша вақтларда уни баъзан Уйғур, баъзан Оға деб чақиришар эди.
Кейинчалик ўзбек санъаткорларининг деярли ҳаммаси уни Оға деб аташаверган. Маннон Уйғур таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан Саъдулла Аҳмаднинг “Гулистон” журналининг 1977 йил сентябрь сонида босилган “Саҳнамиз сарбони” мақоласида шундай сўзлар бор: “Ўзбекистонда биринчи профессионал театр ташкилотчиси, атоқли режиссёр Маннон Мажидовнинг нима учун Уйғур тахаллусини қабул қилганлигини бугунги кунда ҳаёт бўлган шогирдларидан сўраб, аниқ жавоб ололмадик.
“Биз бу номга шунчалик кўникиб кетган эдикки, отамдан нега бундай тахаллус олганлигини сўраш эсимизга ҳам келмасди. Ҳар ҳолда уйғур халқи номидан олмаганлиги аниқ. Отам сўз уммонида кўп ва хўб сўзлаган бир ғаввос эди. Бу сўзнинг маъносини луғатлардан излаш керак”, – деб жавоб беради санъаткорнинг ўғли Қўрқмас Мажидов. Классик ва бошқа турли хилдаги эски луғатларни варақлаб чиқдик. Ниҳоят, 1969 йилда нашр этилган “Қадимги турк луғати” китобининг 362-бетида “уйғур” сўзининг маъноси “уйғотиш” деб берилганига кўзимиз тушди. Бошқача бўлиб чиқиши мумкин ҳам эмасди. Маннон Уйғур чин маънода мазлум Шарқни уйғотувчиларидан... Уйғур бундан 80 йил муқаддам ўзи туғилган Занжирлик маҳалласинигина эмас, улғая бориб, Туркистон ва Шарқ, балки бутун жаҳонни занжирбанд кўрди.
Театршунос, профессор Муҳсин Қодиров ўзининг бир мақоласида юқоридаги фикрни давом эттириб, шундай хулосага келади: “Шу пайтгача Маннон Мажид ўғли нима учун Уйғур тахаллусини танлагани ва бу сўз қандай маъно англатиши тўғрисида ҳар хил тахминлар юради. Ҳатто бир уйғурча рўзномада “Ҳамза театрининг ташкилотчиси Маннон Уйғур ҳам ўзимиздан, яъни уйғурлардан”, деб ёзишган. Театршунослар одатда бу масалани четлаб ўтадилар. Яқинда Абулғозий Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” асарини варақлаб туриб, “уйғур” сўзига берилган изоҳга кўзим тушди. “Уйғур”нинг маъноси ёпишқур демак бўлур, – дейилади унда. – Айтурлар: сут уюди. Сут эрканида бири биридан айрилур. Уюганидан сўнг айрилмас. Уюди, яъни ёпишди”. Маннон Мажидов тахаллусининг маъноси аслида ана шундай. У ўзини уюшқоқ, уюштирувчи, бирлаштирувчи деб билган, санъатда у уйғур бўлишни орзу қилган эди, шундай бўлди, у тахаллусини оқлади”.
Маълум бўляптики, Маннон Мажидов ўзига Уйғур тахаллусини атайин танлаган. Одатда, шоирлар қадим замонлардан ўзларига тахаллус қўяр эди, санъаткорларда бу кам учраса-да, амалиётда бор ҳодиса экан.
Замонавий шаклдаги ўзбек театр санъати ва ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри (собиқ Ҳамза номидаги театр) асосчиларидан бири, умрининг охиригача шу ерда фаолият юритган буюк санъат дарғаси, Ўзбекистон халқ артисти Маннон Уйғур (Абдуманнон Мажидов) 1897 йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган.
Отаси Тошкентнинг Шайхонтоҳур даҳасида Мажид оқсоқол деб ном чиқарган ҳурматли нуронийлардан бўлган. Оқсоқол Тошкентнинг “Пиёнбозор”, баъзан “Воскресний” бозор деб аталган қисмида фаолият юритган. Рус тилини бироз билгани сабаб Тошкент атрофидан келган деҳқонлар билан руслар ўртасида тилмочлик ҳам қилар эди.
Маннон отасини ўша вақтларда Тошкентга келаётган театр томошаларига олиб тушар ва унинг таассуротларини билгиси келарди. Ота бир неча спектаклларни кўргач: “Театр бу – маърифат ўчоғи экан-ку” деб, ўғлини қувонтиради. Лекин унинг артист бўлишига розилигини сира айтмасди. Мажид оқсоқол ўз фарзандининг санъаткор бўлишига дастлаб қаршилик кўрсатса ҳам, бора-бора у танлаган соҳа миллат учун зарурлигини фаҳмлади.
Маннон Уйғур саҳнадаги илк фаолиятини 1916 йил Тошкентдаги “Турон” труппасида ҳаваскор актёр сифатида бошлаган. Орадан уч йил ўтиб, Тошкент шаҳрида ўзбек профессионал труппасини ташкил этиб, унга раҳбарлик қилган.
Труппада саҳналаштирилган спектаклларда ўзи роллар ўйнаган. 1918 йилда “Туркистон табиби” асарини ёзиб, унда Ешимқул образини талқин этди. 1921 йил Ғулом Зафарийнинг “Ҳалима” мусиқали драмасини саҳналаштириб, ундаги Раҳим, сўнг Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг “Бой ила хизматчи” асаридаги Ғофур образини юксак маҳорат билан саҳнага олиб чиқади.
Москвада Ўзбек маориф уйи қошидаги драма студиясида таълим олиб қайтгач, Ҳамза театрининг режиссёри ва бадиий раҳбари сифатида фаолият юритди. Озарбайжон ва татар драматургларининг қатор асарларини ўзбек тилига таржима қилди.
У жамоанинг энг яхши профессионал ва ахлоқий анъаналарини шакллантирди. Актёр ва режиссёрлар, ажойиб саҳна усталарининг бир неча авлодига сабоқ берган, тарбиялаган, уларни ўзбек миллий саҳна санъатига шуҳрат олиб келувчилар даражасига олиб чиққан. Шогирдлари қаторида А.Ҳидоятов, С.Эшонтўраева, Ш.Бурҳонов, Н.Раҳимов, З.Муҳаммаджонов, Л.Назруллаев, З.Ҳидоятова, З. Садриева каби номларнинг борлигиёқ Оғанинг улкан исдеъдоди, меҳнатлари самарасини ангатади.
Уйғур труппаси актёрлик шахсиятининг турли қарашлари асосида шаклланган. У труппани “жамлаган” ва унга бошқа ҳаваскор, шахсий театрлардан иқтидорли ёшларни таклиф этган. Жамоани тўплаб, ардоқлади ва Ҳамза номидаги театрнинг биринчи авлодини бадиий чўққиларга олиб чиқди. Маннон Уйғурда режиссёрнинг учта асосий жиҳати – мураббий, саҳналаштирувчи, раҳбар каби сифатлар узвий равишда уйғун эди.
Мураббий сифатида Уйғур актёрларни бирин-кетин катта драматургия айланасига олиб кирди. Унинг энг яхши саҳна асарлари – Шекспир асарлари ҳамда тарихий спектакллар эди. Уйғур саҳна техникасига катта аҳамият қаратган, ҳар бир имо-ишора сайқалига, саҳнанинг жонлилигига – актёрлар имо-ишораси, ҳаракати, сўзига астойдил эътибор берган, саҳнада жаранглаётган ҳар бир сўзга катта аҳамият қаратган. Ўзбек тилини яхши билган, жуда бой адабий тилда сўзлаш қобилиятига эга бўлган. “Агар саҳнада томошабинларга тескари турсанг, сенинг елканг роль ижро этаверсин”, дер эди шогирдларига машғулотлар вақтида.
Уйғур мактабини ўтаган актёрлар ажойиб тоза нутқи, бой талаффуз ранглари билан ажралиб турган ва бу сифатлар ҳамон бирламчидир. Саҳна афсонаси Шукур Бурхон эслайди:
“У туну-кун театрда банд эди. Ҳатто, бошқалар саҳнада асар қўйган вақтида ҳам, улар билан бирга спектаклларга режиссёрлик қилган. У арзимас хатоларга ҳам танбеҳ берарди, эҳтимол, нотўғри талаффуз қилинган ҳарф орқали у бизга ҳақиқий ўзбек тилини ўргатган. У бизга актёр ўзини саҳнада қандай тутиши, гапириши, тўхтамларга риоя қилиши кераклигини кўрсатди...
Гарчи, театр илмига эга бўлмасам-да, юзлаб роллар ижро этдим. Уйғурнинг қўлида ўқиганим, унинг мактабини ўтаганимдан ғурурланиш ва хурсанд бўлишдан тўхтамайман”.
Шу ўринда Зикир Муҳаммаджоновнинг мақоласига яна мурожаат қилсак. Унда шундай сатрлар бор:
“Маннон Уйғур ўзбек томошабинларининг руҳини яхши ўрганган эди. Охирги курсларга келганда Карло Гоццининг “Маликаи Турондот” асарини тайёрлашади. Уйғурнинг таклифи билан миллий хусусиятларни ёрқин акс эттиришга ҳаракат қилинади. Мазкур асарда бунинг учун катта имкониятлар бор эди. Асар талқинида ҳар бир режиссёр халқнинг турмуш тарзи, феъл-атвори ва ўз кўнглидаги армонларини асарга қўшиши табиий, албатта. Шу боис, Маннон Уйғур ҳар бир саҳнада ўзбекона миллий урф-одатларни, мушоҳадаларни шу спектакль орқали томошабинларга баён эта олган. Мен ўзим 40-йилларга келиб қайта тикланган бу “Маликаи Турондот” асарида Шукур Бурҳонов, Етим Бобожонов, Маннон Уйғурлар ижросидаги ролларни кўрганман...
...Маннон Уйғур жуда кўп йиллар, айтиш мумкин, умрининг охиригача театрнинг бош режиссёри, бадиий раҳбари бўлиб ишлади. У ҳамкасбларига ниҳоятда жонкуяр эди. Деярли майда-чуйда ишларгача аралашар, унинг мақсади театрни, унинг жамоасини покиза сақлаш эди. Одобда, кийинишда, юриш-туришда ҳам ҳаммага намуна бўларди.
Ёз кунлари Оға оппоқ кийим кияр эди. Қишда эса қора костюм, оқ кўйлак кийиб, галстук тақиб юрарди. Қирра бурунли, қора сочли, қора мағиз одам бўлиб, дурдай оппоқ тишлари табассум қилганда кўзга ташланиб турарди. У театр учун ҳеч нарсани аямаган.
“Муқанна” спектакли репетиция қилинаётган куни, Оға театрга янги қора костюмда кириб келди. Саҳнада бизнинг вазифамиз Муқаннани кўришимиз биланоқ тиз чўкиб, ерга йиқилиш эди. Аммо кийимларимизни аяб, йиқилмоқчи эмасдик. Шунда Оға янги кийиб келган костюмини ерга ташлаб, қандай думалашимиз кераклигини кўрсатиб берди. Ана шундан кейин биз ҳам у киши қилган ҳаракатни такрорладик”.
– Менинг онам Хадича Бобохонова Маннон Уйғурнинг шогирди бўлган, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Гулнора Равшанова. – У кишининг қўлларида икки йил таҳсил олган. Шу даврда онам моҳир актёр назарига тушган. Кейинчалик Маннон Уйғур онам билан Зебо Ғаниевани Москвага ўқишга жўнатган. Онамнинг айтишича, ул зотни ҳеч ким Маннон Уйғур, дея атамаган. Уйғур оға, дейишган. Хадича Бобохонованинг таниқли актриса бўлишида устози Маннон оғанинг хизмати жуда катта. Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, онамни Сурхондарё вилояти мусиқали драма театрига жўнатишган. Онам шу театрда узоқ йилллар ижод қилиб, саҳнада 150 га яқин образ яратди. Мен ҳам Ўзбек театр мактабининг асосчиси, буюк актёр Маннон Уйғур шогирдининг шогирди бўлганимдан ҳамиша фахрланаман. Бир сафар уйда Маннон Уйғурни эслаганларида онам устозининг сўзга жуда уста бўлганини айтиб, ҳар бир кишидан сўзни равон айтишни қатъий талаб қилганини ёдга олган эди.
Жорий йил 5 июль куни Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида сайловчилар билан учрашувда Маннон Уйғур ҳаёти ва ижоди, унинг миллий санъатимиз ривожида тутган ўрни, у яратган саҳна мактаби каби мавзуларни алоҳида тилга олди. Мамлакатимизда санъат, маданиятни ривожлантириш, соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида сўз юритар экан, жумладан, ёш режиссёрлар учун Маннон Уйғур номидаги мукофот таъсис этилиши, мукофот билан ҳар йили 27 март – Халқаро театр кунида мусиқали, драма ва қўғирчоқ театри йўналишидаги энг яхши спектакллар яратган ёш режиссёрлар тақдирланиши, ҳар бир мукофот миқдори камида 100 миллион сўмдан кам бўлмаслиги ҳақида фикр билдирди.
– Президентимизнинг учрашувда миллий театримиз, санъатимиз ҳақида куюнчаклик билан айтган гаплари, уни янада юқори поғоналарга олиб чиқиш учун ўйлаб юрган режалари билан ўртоқлашганлари мени қаттиқ ҳаяжонга солди, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Рихси Иброҳимова. – Айниқса, улуғ инсон Маннон Уйғур ҳаёти, ижоди, фаолиятига берган эътибору эътирофларидан бошим кўкка етди.
Театр тараққиётини режиссёрсиз тасаввур этиб бўлмайди. Чунки у ижодий жамоада етакчи ўрин тутади, актёрлар мураббийси, уларга ғоявий фикр берувчи раҳнамо ҳисобланади. Шу боис, режиссёр худди кема дарғаси каби кишиларни аниқ мақсад сари етаклай олиш салоҳиятига эга бўлмоғи лозим. У доимо давр талаби ва томошабинлар маънавий эҳтиёжига ҳозиржавоб бўлиши керак. Бу касб соҳиби ана шундай масъулиятли ва шарафли ижодкордир. Уйғур оға ана шу талабларнинг барчасига жавоб бера олган.
Бу инсонни кўрган санъаткорлар бугун орамизда деярли йўқ. Афсуски, Уйғур оғани кўриш, ундан сабоқ олиш менга насиб қилмаган. 1955 йили институтнинг 1-босқичида ўқиётганимда, театрга ишга келишимдан икки ҳафта олдин у киши вафот этган. Театрда иш бошлаган кезларим бутун театр жамоаси фақат Маннон оға ҳақида гапирар, ҳар бир спектакль ва репетициялар мобайнида албатта у кишини хотирлар эди. Устозим Сора Эшонтўраева ва оғани кўрган, ҳамсуҳбат бўлган бошқа ёши улуғлардан Маннон Уйғур шахсияти, у кишининг иш услуби ҳақида кўп эшитдим, ўзимга ғойибона устоз, деб билдим.
Санъат фидойиси 1955 йил октябрь ойида 58 ёшида вафот этди. Мустақиллик йиллари бошқа марҳум улуғ санъаткорлар сингари Маннон Уйғурнинг ҳам ўзбек театр санъати ривожидаги хизматлари алоҳида эътироф этилиб, давлатимизнинг юксак мукофоти – “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.
Ўзбекистон халқ шоири Ғафур Ғуломнинг “Санъатим” шеърини халқ артисти Шерали Жўраев ўзига хос талқинда ижро этган. Унда ўзбек санъатини юксакларга кўтарган улуғ санъаткорлар номи келтирилади, санъатимиз буюк экани асосланиб, “Шунинг учун дағдағаси осмонларча бор”, дея таъриф берилади. Ана шу дағдағага руҳ берган, мотивация берган сиймо ҳам Маннон Уйғурдир!
Фикримиз қуруқ бўлиб қолмаслиги учун бир мисол келтирсак: Ўзбек Миллий академик драма театрида ХХ асрнинг 30-йилларидаёқ “Гамлет” муваффақиятли саҳналаштирилиб, томошабинларнинг юксак олқишига сазовор бўлган. Бу режиссёр Маннон Уйғурдек улкан санъаткорнинг салоҳияти туфайли эди. 40-йилга келиб, Маннон Уйғур рус режиссёри Н.Ладигин билан биргаликда Вильям Шекспирнинг “Отелло” асарини тайёрлаб, театр довруғини янги поғонага кўтаришга муваффақ бўлади. Мухлисларнинг “Отелло”га меҳри “Гамлет”дан ҳам юқори бўлган. Уруш йиллари шаҳримизга ташриф буюрган инглиз парламенти аъзоси жаноб Жонсон “Театр китоби”га шундай сўзларни ёзиб қолдирган:
“Биз – Шекспир ватанидан келган меҳмонлар ўзбек театри саҳнасида “Отелло” спектаклини томоша қилиб, ҳозирги замонда ўзимизнинг мамлакатда бу қадар юксак ижрони кўрмаганимиздан қойил қолганимизни мамнуният билан изҳор этамиз. Бу ижрони бутун дунё кўриши керак!”.
“Янги Ўзбекистон” газетаси,
2023 йил 18 август