Замону макон танламас ижод ёхуд ўзбек-қирғиз адабий таржимашунослигига бир назар
Туркистон заминида яшаган халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини азалдан бирор марта хусумат ва адоват қиличи узган эмас. Ўзбек ва қирғиз халқларининг адабий-маданий алоқалари ҳам кеча пайдо бўлмаган. Ўтган асрда қирғиз халқининг муҳташам эпоси — “Манас” ўзбек тилига тўлиқ таржима қилинди.
Фольклоршунослар қирғиз халқ оғзаки поэтик ижоди тўғрисида гўё у “бошқа туркий элларнинг фольклорига ўхшамас, мустақил заминда вужудга келиб, ўзича тараққий қилган”, деган фикрларни айтишади. Лекин бу ғайриилмий фикр. Чунки ҳеч бир эл қўшничилик қилмай яшаган эмас, бир-бирига маданий, адабий таъсир ўтказмай қўймаган. Қирғиз ва ўзбек халқлари ҳам қадим-қадимдан бир хил табиий ва тарихий шароитда қўшни бўлиб яшагани учун бир-бирига маданий таъсир ўтказган.
Шунинг учун бу икки қўшни туркий халқ орасидаги адабий алоқалар алоҳида ўрганишга лойиқ. “Манас” ва “Алпомиш” достонларининг бир-бирига ўхшашлиги кўп. Бу икки улуғ мероснинг айрим боблари шу қадар ўхшашки, худди бир-бирини такрорлагандай ёки бир бобнинг икки нусхасидай. Масалан, от чопиш — пойга боби иккала достонда ҳам деярли бир хил. Ҳар иккала асарда ҳам от тимсоли мукаммал образ даражасида, достондаги ўқ отиш мусобақалари ҳам бир хил тасвирланган.
Ўрта Осиё халқлари кишилик тарихида илм-фан ва маданият, адабиёт учун ажойиб сиймоларни етказиб берган. Туркий эллар кўҳна тарих бағрида сезиларли из қолдирган. Улар орасида Алишер Навоий сиймоси алоҳида бўй чўзиб, қомат кериб туради. У ҳар жиҳатдан туркий халқларнинг ўз кишисидир. Унинг ўзи айтганидек:
Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдир.
Муайян турк улуси худ менингдир.
Яна бир ўринда:
Турк назмида чу мен тортиб алам,
Айладим ул мамлакатни якқалам, дейди.
Алишер Навоий тилимизнинг барча шеваларидан унумли фойдаланди, уларни бир ўзанга бурди, сайқаллади, ҳадди аълосига етказди. Ўзи каромат қилганидай, то турк улуси бор экан, ёзганларининг нархи тушмагай, авж пардадан ҳам пастга инмагай.
Алишер Навоийнинг инсонпарвар ғояларга йўғрилган сатрлари қирғиз китобхонларига ҳам манзур бўлишига шубҳа йўқ. Унинг асарлари қирғиз тилига таржима қилинганига қарийб 70 йил бўлибди. Чунончи, адабиётшунос олим, таржимашунос Зуҳриддин Исомиддинов “Сен ҳам дарё, мен ҳам дарё” мақоласида ўзбек-қирғиз ва қирғиз-ўзбек таржимачилигига ҳам ўша йиллар (1940-1950 йиллар) асос солинганини айтади. Хусусан, Смар Шимеев “Фарҳод ва Ширин” (1960) достонини, Али Токамбоев, Алиқул Осмонов, Узоқбой Абдиқаймов, Темирқул Уметалиев, Смар Шимеев, Қубанич Акаев, Насирдин Байтемировдан иборат таржимонлар кенгаши “Лайли билан Мажнун” (1946-1950) достонини қирғиз тилига маҳорат билан таржима қилдилар. “Лайли билан Мажнун” 1948 йил, “Фарҳод билан Ширин” 1962 йилда Бишкек (собиқ Фрунзе) шаҳрида чоп этилган. Қайси халқнинг асари бўлмасин, агар таржимон маҳорат билан ўз тилига таржима қила олса, ўша тилдаги асарга айланади.
Ҳозир эса ҳамма ўз ҳолича таржима қиляпти, сўзнинг маъносига, товланишларига эътибор берилмаяпти. Аслида сўзга эҳтиёткор, сўздан қўрқадиган ижодкор таржимага қўл уриши керак. Тўғри, айни замонда ҳамюртимиз, филология фанлари доктори, адабиётшунос олим, замонамизнинг етук таржимашуноси Зуҳриддин Исомиддинов соҳадаги ижодий фаолият, ютуқ ва камчиликлар устида доимий иш олиб бориб, таҳлил ва тавсияларини бериб келмоқда.
Шу ўринда ўзбек-қирғиз адабиётидаги таржима асарларни кўриб чиқадиган бирор кенгаш тузиш керакмикин, деб ўйлайман. Чунки хато қўлланган биргина сўз асар маъносини бузиши мумкин. Ўша сўз абадий хато бўлиб қолади. Шу маънода, бу ишга ўзбек ва қирғиз тилларини яхши биладиган мутахассисларни жалб этиш керак.
Қирғизистонлик ўзбек сифатида қирғиз халқига Навоийни яқинлаштириш, ўқитиш йўлини излай бошладим. Бир-икки ғазалларини қирғиз тилига таржима қилишга уриниб ҳам кўрдим. Қирғиз тили жуда гўзал тил, сингармонизм қоидалари, табиий, қадимийлиги сақланиб қолган, товушлари чиройли эшитилади. Бироқ Навоий ғазалларидаги айрим сўзларнинг муқобилини бу тилдан топиш қийин кечди. Бу борада, албатта, ҳаракат қилиняпти. Алишер Навоийнинг бебаҳо меросини қирғиз халқига яқиндан таништириш, мазмунидан баҳраманд этиш мақсадида “Хазойин ул-маоний”нинг биринчи девони “Ғаройиб ус-сиғар”ни, адабиётшунос Олимжон Давлатовнинг “Алишер Навоий ғазалларига шарҳлар” китобини қирғиз тилига таржима қилдик.
Алишер Навоий асарлари чуқур фалсафий, бадиий гўзал, тузилиши мукаммал, ғоят нафис ва ўзбек халқининг ўзига хослиги ва тилининг бойлигини кўрсата олган. Бунда таржимон икки халқ тилидан ташқари Навоий тилини ҳам билиши, таржимашуносликни ҳам ўрганиши керак. Нашрларнинг аҳамияти шундаки, дастлаб ғазал матни, сўнг луғат ва насрий баён келтирилиб, ундан кейин шарҳ ва изоҳларга ўтилади. Шу тариқа қирғиз китобхони Навоий ғазалларини аслиятда ўқиш баробарида унинг сир-синоатидан ҳам хабардор бўлади.
Яъни Навоийдек буюк зотнинг буюклигини англай бошлайди. 2022 йили Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган саммити доирасида янги таъсис этилган Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот туркий оламнинг улуғ адиби Чингиз Айтматовга берилганидан фахрланади. Бунда чуқур рамзий маъно бор.
Чингиз Айтматов “Правда” мухбири сифатида Ўзбекистоннинг жуда кўп қурилишлари, Бухоро, Самарқанд каби қадимий шаҳарларида, Мирзачўлда бўлган, “Пахтанинг ойдин йўли”, “Тошкент садоси”, “Бухоро – Урал трассаси”, “Колхоз қишлоғи тўғрисида ўйлар”, “Қудратли тўлқин” сингари очерк, публицистик мақолалар, лавҳалар ёзган. “Пахтанинг ойдин йўли” мақоласида шундай илиқ сатрлар борки, қалбимизни ифтихорга тўлдиради:
“Қадимий ўзбек маданияти ўзининг ажойиб ютуқлари билан азалдан ҳам машҳур. Ўзбеклар Ўрта Осиёда тенги йўқ ирригатор, деҳқон сифатида танилган. Ўзбек меъморлари фусункор Самарқанд, Бухорони бунёд этдилар. Ўзбек халқи орасидан Ўрта асрнинг машҳур астроном олими Улуғбек, шоир Алишер Навоий етишиб чиқди... Византия маданияти ривожида римликлар қандай роль ўйнаган бўлсалар, ўзбеклар ҳам Ўрта Осиё халқлари маданиятига ана шундай таъсир ўтказдилар”.
Чингиз Айтматов 1960-65 йилларда “Правда” газетасининг Ўрта Осиё бўйича мухбири бўлиб ишлаган, айни шу вақтда Одил Ёқубов “Литературная газета” мухбири эди. Чингиз Айтматов билан Одил Ёқубов ўртасидаги дўстлик, қадрдонликнинг бошланиши шу даврга тўғри келади. Икки қардош халқнинг икки азамат ёзувчиси тенгдош эдилар. “Улуғбек хазинаси” романи билан танишган Айтматов маслакдош дўсти Ёқубовга махсус табрик телеграммаси йўллайди. Улар орасидаги қадрдонлик узоқ давом этди. Айтматов Марказий Осиё халқлари маданиятлари уюшмаси раиси, Ёқубов унинг ўринбосари бўлиб фаолият юритишган.
Миртемир эса Қирғизистонда ижодий сафарларда кўп маротаба бўлган. Қирғизистон мавзусида туркум шеърлар яратган. Чингиз Айтматов у кишини катта шоир ва “Манас” эпоси таржимони сифатида эъзозлар, “чўнг шоир Миртемир шундай иш қилдики, биз энди қарздор бўлиб қолдик...”, деган эди.
Ўзбекистон халқ шоири Миртемир “Манас” қирғиз халқ эпосини ўзбек тилига 1964 йилда таржима қилган ва ҳақиқий ўзбекча янграта олган:
Оққула миниб қаққайган,
Буғдой юзлик келди.
Тумандан йўл топгувчи
Олов кўзлик келди.
Оғасининг кетидан
Йўлга чиққан эканда.
Мен шўрликнинг дардимда
Чўлга чиққан эканда.
Кейинроқ Чингиз Айтматов ўзбек шоири ҳақида бундай илиқ сўзларни ёзади: “Миртемирни Ўзбекистонда қандай севсалар, ҳурмат қилсалар, қадрласалар, бизда, Қирғизистонда ҳам шеърият мухлислари ва, умуман, “Манас”ни миллий-тарихий бойлигимиз, ақлий эпик ижоднинг чўққиси сифатида севиб, эъзозлаб қадрлайдиган ҳар бир киши, у ким бўлишидан қатъи назар, Миртемирни ёдга олмаслиги мумкин эмас. Бинобарин, биз зўр эътибор билан ўрганаётган, ўрганишимиз лозим бўлган жуда қадимий ва бой анъаналарга эга ўзбек халқи адабиётини, маданиятини эҳтиром билан ёдга олмаслиги мумкин эмас ва мен ўйлайманки, биз ҳам, ўз навбатида, ўзбек адабиёти ҳамда маданияти бойликларини ўз ижодий тизимимизга қўшиш учун ҳаракат қилишимиз керак, албатта, шундай қиламиз”.
Чингиз Айтматов билан Туроб Тўла ўртасидаги биродарлик муносабати ва ижодий ҳамкорлик ҳам эътиборга молик. 60-йилларнинг ўрталарида Туроб Тўла Ўзбекистон, Чингиз Айтматов эса Қирғизистон кинематографчилар уюшмаси раҳбари бўлган. Ўша йиллари улар орасида қадрдонлик ва ҳамкорлик қизғин тус олади. Чунончи, Туроб Тўла Чингиз Айтматовнинг “Сомон йўли” қиссаси асосида мусиқали драма яратади ва уни “Момо Ер” деб атайди. Асар Муқимий театрида саҳна юзини кўради.
Чингиз Айтматовни шуҳрат поғонасига олиб чиққан “Жамила” қиссаси “Шарқ юлдузи” журналининг 1961 йилги 2-сонида Асил Рашидов таржимасида чоп этилган эди. Шундан бошлаб бу буюк истеъдоднинг янги-янги қиссалари пешма-пеш ўзбек тилига ўгирилиб турди. Уларнинг таржимасида турли авлодга мансуб ёзувчи-таржимонлар иштирок этдилар. Шундай қилиб, ўзбек адабиётида Чингиз Айтматовнинг Асил Рашидов, Иброҳим Ғафуров каби хос таржимонлари ҳам пайдо бўлди.
Айтматов ўзбек ёзувчиларига баракали адабий таъсир кўрсатганки, бу ҳолни асосан 60-йилларда адабиёт майдонига кириб келган ёзувчилар авлоди ижодидан бошлаб кузатиш мумкин. Хусусан, Шукур Холмирзаев ижодида Чингиз Айтматовнинг таъсири баралла сезилади. Бу таъсирни, аввало, Шукур Холмирзаевнинг дастлабки йирик асарларидан “Ўн саккизга кирмаган ким бор?” қиссасига танлаб олган мавзуда кўрамиз. Ўзбек адабиёти тажрибасида ўша пайтгача ўспиринлар турмушига оид ҳеч бир кўрилмаган мавзу бу.
Тилов билан Жамшид онаси бир, оталари бошқа-бошқа ака-укалар. Ака-ука дедик-ку, аммо ораларидаги ёшда ҳам унча фарқ йўқ. Улар ўрта мактабни битирдилар. Ўртада синфдошлари Муяссар бор. Муяссарнинг кўнгли Жамшидда. Илло, Жамшид ёшроқ бўлгани учунми, севгиси аниқ-тиниқ бўлса ҳам суст ва фаолиятсизроқ. Оқибатда ёшда ҳам, ҳаракатда ҳам дадилроқ бўлган Тилов Муяссарни илиб кетади, унга уйланади. Лекин муқаррар улар қурган оила оила бўлмайди.
Нафақат ҳаётий воқеа танлашда, балки асарнинг бадиий даражасида ҳам Чингиз Айтматов услуби таъсири кўриниб туради. Бу, айниқса, тасвирнинг кўз илғамас қуюқлиги, таҳлил-синтезнинг нақадар теранлигида кўринади. Характер яратишда психологик таҳлилга таяниш, уни асосий восита қилиш ҳам Чингиз Айтматов услубига хос бўлган.
Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом”, “Отамдан қолган далалар” асарларида ҳам Чингиз Айтматов нафаси сезилади. Уларда атоқли қирғиз адибига, шунингдек, америкалик овчи, биолог, рассом ва ёзувчи Сетон-Томпсонга тақлид даражасидаги ўринлар ҳам йўқ эмас. Адабий таъсир тақлид ёки кўр-кўрона эргашиш эмас, балки адабий-ижодий таълим деганидир.
Жанубий Қирғизистонда, асосан, ўзбек миллатига дохил халқ истиқомат қилгани боис ўзбек адабиёти Қирғизистонда ҳам ўз йўналиши билан ривожланди. Ўтган асрда гуркираб чиққан ижодкорлар Мирзоҳид Мирзараҳимов, Турсунбой Адашбоев, Қўлдош Мирзо, Усмон Темур, Абдуғани Абдуғофуров, Ғанижон Холматов кенг имкониятлар, яхши устозлар, адабий муҳит сабабми, Ўрта Осиёга танилдилар. Улар ўз истеъдодларини намоён этиб, таржимашуносликда ҳам бир неча ўнлаб китоблар чоп этишди. Бу борада юртдошимиз Турсунбой Адашбоев, айниқса, самарали меҳнат қилган. У катта таржимон ҳам эди. Қирғиз ва рус тилларидан таржималар қилган. “Манас” эпоси насрий баёнини ўзбек тилига ўгирган.
Ҳозир қирғизистонлик яна бир шоир Қурбон Саттор Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими раиси Хуршида Ваҳобжон қизининг юзга яқин шеърини қирғиз тилига ўгирди. Сейит Кенжаматовнинг кўплаб ҳикояларини қирғиз тилидан ўзбек тилига моҳирлик билан таржима қилган. Жумладан, “Даҳшатли туш” ҳикоясини ўқисангиз, худди ўзбек тилида ёзилгандай, “ўдағайлади”, “қуриб кетсин” каби сўзлар билан ўзбек тилида сўзлайди. Умуман олганда, таржимоннинг барча таржималари таржимага ўхшамайди.
2015 йилда қирғиз шоири Алиқул Усмонов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан 70 га яқин шеъри ва поэмаси Қурбон Саттор томонидан таржима қилиниб, “Кўл тўлқини” номи билан чоп этилган. Тўпламга унинг “Ватан”, “Ўттиз ёш”, “Иссиқкўл” каби шеърий асарлари кирган. Китобга Қирғизистон Президенти ҳузуридаги Давлат тили бўйича комиссия ҳомийлик қилган. Бу ғоя аслида анча йиллар аввалдан болалар ёзувчиси, раҳматли Турсунбой Адашбоев томонидан бошланган. Қурбон Саттор Турсунбой Адашбоевнинг шогирди ва издоши, устозининг ташаббуси билан таржимага астойдил киришган эди. Насрий асарни ҳам, шеърий асарни ҳам ўзбек тилидан қирғиз тилига, қирғиз тилидан ўзбек тилига бирдек таржима қилади.
Хулоса қилиб айтганда, икки қардош халқнинг адабий-бадиий адабиётдаги қардошлиги ҳам умрбоқийдир.
Хосият Бекмирзаева,
Ўш, Қирғизистон