Самарқандда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бўйича халқаро ҳужжатлар ижроси муҳокама қилинмоқда
Самарқанда «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» Глобал форуми ўз ишини давом эттирмоқда, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази ахборот хизмати маълумотига кўра, бугун Самарқанд шаҳрида иш бошлаган «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» Глобал форумининг биринчи кунги ялпи мажлисида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг 2005 йилдан буён амалга оширилиши жараёнлари ҳақида сўз борди.
Иштирокчилар инсон ҳуқуқлари бўйича самарали таълимга эришиш тамойиллари ва ёндошувларини атрофлича муҳокама қилдилар. Шунингдек, замонавий муаммоларни ҳисобга олган ҳолда дунёнинг турли ҳудудларида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасидаги технологияларнинг ривожланиши ва бу соҳада қўлга киритилган муваффақиятлар, сабоқ ва хулосалар таҳлил этилди.
Ушбу мавзудаги глобал ёндошувга бағишланган дастлабки сессияга БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги Инсон ҳуқуқлари таълими бўйича минтақавий вакили вазифасини бажарувчи Фабио Пиана модераторлик қилди.
Мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш билан боғлиқ ислоҳотлар шароитида «инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари, айниқса, қадри – энг муҳим қадрият» деган тамойил эътироф этилмоқда. Шу муносабат билан йиллар давомида амал қилиб келган «давлат – жамият – инсон» тамойили Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида «инсон – жамият – давлат» тамойилига ўзгартирилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Олий Мажлис томонидан 2019 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури қабул қилингани ва мазкур Миллий ҳаракатлар дастури ижроси бўйича «Йўл харитаси» 2021 йил декабрига қадар тўлиқ бажарилгани буни яққол тасдиқлайди.
Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида олий ўқув юртлари учун инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув курслари жорий этиш вазифаси белгилаб берилган. Бу борадаги ишлар изчил давом этмоқда.
Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 7 июндаги Фармойишига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия ташкил этилди. Айни вақтда Миллий комиссия аъзолари иштирокида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Биринчи ялпи мажлисда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва ўқитиш бўлими мувофиқлаштирувчиси Елена Ипполити БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича ташаббуслари амалга оширилиши ҳолатини глобал кўламда таҳлил қилган бўлса, Ҳиндистон Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий комиссиясининг Бош котиби Девендра Кумар Сингх онлай тарзда Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияни амалга ошириш борасида эришилган ютуқлар, мавжуд муаммолар ва истиқболлар ҳақида маъруза қилди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия бўлими кичик ходими Паулина Тандионо БМТ Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури тўртинчи босқичининг 2020-2024 йилларда амалга оширилиши жараёнлари хусусида мушоҳада юритди.
Глобал форумнинг кейинги сессиясида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга минтақавий ёндошувлар кўриб чиқилди. Ушбу сессияга Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев модераторлик қилди.
Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари президенти ва ижрочи директори Дэвид Паттон – Халқаро таълим олиш имкониятини кенгайтириш истиқболлари, Европа Кенгашининг Одил судлов ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича таълим бўлими раҳбари Эва Пастрана онлайн чиқишида – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга европача ёндошув, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссия раиси Хожи Али Ачикгюль – бу соҳага ўзи мансуб халқаро ташкилотнинг муносабати хусусида фикр юритди. Шунингдек, Осиё-Тинч океани Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот марказининг етакчи тадқиқотчиси Жефферсон Плантилла мазкур минтақада инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим борасида орттирилган ибратли тажрибалар ҳақида онлайн режимда сўзлаб берди. Россия Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича кенгаш раиси Валерий Фадеев эса онлай тарздаги маърузасида БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий ҳужжатларини замонавийлик нуқтаи назаридан талқин қилди. Бундан ташқари, Глобал форумнинг биринчи куни турли залларда “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги расмий таълим тамойиллари ва ёндошувлари: глобал, минтақавий ва миллий тажриба” мавзуида параллел мажлислар ўтказилди. Бунда технологияларнинг ривожланиши, Интернет-ресурслар ва дунёнинг тез ўзгарувчан геосиёсий манзарасини ҳисобга олган ҳолда, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги расмий ва норасмий таълимга илғор тажриба, инновацион, гендер ҳамда инклюзив ёндошувлар муҳокама қилиниб, айни йўналишдаги янги ташаббуслар тақдим этилди.
Хусусан, 1-параллел сессияда болалар ва ёшлар учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим тамойиллари, бу борадаги ёндошувлар ва замонавий таҳдидлар таҳлил қилинди. Экспертлар асосий эътиборни замонавий технологиялар, Интернет, дунёнинг тез ўзгарувчан геосиёсий манзарасининг ёш авлодга таъсирини муҳокама қилишга қаратдилар.
Олий таълим муассасаларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим тамойиллари, бу борадаги ёндошув ва замонавий таҳдидлар нималардан иборат? Глобал форум иштирокчилари 2-параллел сессия доирасида айни шу мавзуни кўриб чиқишар экан, коронавирус пандемияси, технологияларни ривожлантириш, интернет-ресурслар ва геосиёсат билан боғлиқ хатарларга алоҳида тўхталдилар.
Шунингдек, 3-параллел сессияда юридик касб вакиллари – судьялар, прокурорлар ва адвокатлар учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни таъминлаш масаласи муҳокама қилинди. Дунёнинг турли мамлакатларида бу борада мавжуд тамойил ва ёндошувлар ўрганилди.
Сўнгги, яъни 4-параллел сессия иши фуқаролик жамияти учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги норасмий таълимни таъминлашга бағишланди. Бу жараёнда гендер тенглик, инклюзивлик, миграция каби масалаларни ҳисобга олиш зарурлиги таъкидланди.
Барча параллел сессиялар маърузачилари онлайн ва офлайн ўқитиш усулларидан фойдаланиш бўйича ўз тажрибалари, шунингдек, COVID-19 пандемияси пайтида эришилган натижалар ва олинган сабоқлар билан очиқ ўртоқлашдилар. Муҳокама якунлари бўйича гуруҳлар «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ривожлантириш бўйича Самарқанд ҳаракатлар режаси (2023–2025)» глобал форумининг Якуний ҳужжатига киритиш учун тавсиялар ишлаб чиқдилар.