Маблағлар сарфланишини назорат қилиш масалалари кўриб чиқилди
Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида 17 октябрь куни маҳаллалар инфратузилмасига ажратилаётган маблағларнинг сарфланишини назорат қилиш масаласи бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.
Маълумки, яқинда, 11 октябрь куни маҳаллаларда аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда халқимизни қувонтирган, одамлар манфаатига қаратилган жуда кўп янгиликлар айтилди.
Жумладан, бу йилнинг қолган икки ойида 5 минг 284 та маҳалла инфратузилмасини яхшилашга 2 триллион 700 миллиард сўм ажратилади. Ички йўлларни таъмирлашга маблағлар ҳажми 2,2 баробарга оширилади. “Ташаббусли бюджет” доирасида 1,5 мингта маҳалладаги лойиҳаларга 1 триллион 300 миллиард сўм йўналтирилади. Келгуси йилдан “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари учун 8 триллион сўм берилади.
Йиғилишда бу маблағлардан самарали фойдаланиш ва сарфланишини назорат қилиш масалалари муҳокама қилинди.
– Келгуси йилдан “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ”, йўл қурилиши ва бошқа давлат инвестиция дастурларини шакллантириш ва амалга оширишнинг янги тизимига ўтамиз, – деди давлат раҳбари. – Ушбу дастурлар ва харажатлар фақат ва фақат аҳоли овоз берган лойиҳаларга йўналтирилади. Прокурорлар эса ажратилаётган “ҳар бир сўм”нинг ўз ўрнида ишлатилишини таъминлаб, назорат қилиши лозим.
Шу боис, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори давлат дастурлари ижроси юзасидан янги назорат тизимини жорий этиш, талон-торожлик ва қонунбузилишларнинг олдини олиш, қурилишларни очиқ-ошкора тизим асосида амалга ошириш чоралари тўғрисида ахборот берди.
Президентимиз қурилиш жараёнларини назорат қилишда аҳоли иштирокини кенгайтириш, объектларни қабул қилиш комиссияларига маҳалла раисларини киритиш бўйича кўрсатма берди.
Келгуси йил 1 январдан бошлаб, қиймати 10 миллиард сўмдан юқори бўлган қурилиш объектларига хорижий техник-назорат мутахассислари жалб қилиниши, давлат объектлари бўйича лойиҳа ҳужжатлари “Қурилиш ресурслари классификатори” платформаси асосида ишлаб чиқилиши белгиланди. Бу платформа қурилиш материаллари нархларини ягона тамойил асосида шакллантириш имконини беради.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигига лойиҳалар, пудратчилар ва қурилиш ҳақидаги маълумотларнинг жамоатчилик учун очиқлигини таъминлаш вазифаси қўйилди.