Тошкентда Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммити якунлари муҳокамасига бағишланган Халқаро конференция бошланди
Бугун Тошкент шаҳрида гибрид форматда «ШҲТ Самарқанд саммити: Минтақавий ва халқаро хавфсизлик, барқарор ривожланишга қўшилган ҳисса» мавзусига бағишланган халқаро конференция иш бошлади, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбир Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Ташқи ишлар вазирлиги ва Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) билан ўзаро ҳамкорликда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси кўмагида ташкил этилмоқда.
Анжуман иштирокчиларини Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов, СМТИ директори Элдор Орипов, МОХИ раҳбари Анвар Носиров, ШҲТ Бош котининг ўринбосари Григорий Логвинов, ШҲТ МАТТ директори Руслан Мирзаев қутлади.
Учрашувда конференция иштирокчилари Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммити якуни, ташкилот доирасида хавфсизликни таъминлаш, савдо-иқтисодий алоқани фаоллаштириш, транспорт-логистика тизимида ўзаро боғлиқликни кучайтириш, маданий-гуманитар муносабатни мустаҳкамлаш каби масалалар муҳокама қиладилар.
Ўзбекистон Президенти саммит доирасидаги нутқида билдирган умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида Самарқанд бирдамлик ташаббусига алоҳида эътибор қаратилади.
Экспертлар мазкур ташаббуснинг моҳияти, аҳамияти юзасидан атрофлича фикр алмашади, ғоянинг амалий мазмунини бойитиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади.
Бундан ташқари, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан имзоланган концептуал ҳужжатлар батафсил кўриб чиқилади.