Сенат раиси Ўзбекистон велоспорт терма жамоаси аъзоси Ольга Забелинскаяга давлат мукофотларини топширди
Сенат Раиси, Ўзбекистон велоспорт федерацияси раиси Танзила Норбоева кеча Ольга Забелинскаяга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи» махсус кўкрак нишони ҳамда Туркиянинг Конья шаҳрида бўлиб ўтган «Ислом бирдамлик ўйинлари»даги иштироки учун пул мукофотини тантанали равишда топширди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, Ольга Забелинсканинг хизматлари мамлакатимиз ҳукумати томонидан ҳам қайд этилган. Президентимизнинг 30 август куни Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, адабиёт, маданият соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги фармонига мувофиқ, велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Ольга Забелинская «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони билан тақдирланди.
Узоқ вақт давомида Ольга чет элда машғулотлар ўтказиб, бир қатор халқаро мусобақаларда иштирок этгани боис, мукофотни олишга улгурмаган эди. 27 сентябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатида Ольга Забелинскаяни махсус кўкрак нишони ҳамда Туркиянинг Конья шаҳрида бўлиб ўтган “Ислом бирдамлик ўйинлари”даги иштироки учун пул мукофоти билан тақдирланди.
Эслатиб ўтамиз: ушбу мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси жаъми 11 та, яъни учта олтин, тўртта кумуш ва тўртта бронза медалинини қўлга киритди. Олтин медалларнинг барчаси Олга Забелинскаяга тегишли бўлиб, у велоспортда аёллар ўртасида очколар бўйича гуруҳ пойгасида, шосседа яккалик ва гуруҳ пойгаларида биринчи бўлди.
Шу билан бирга, Ольга Забелинская Токиода бўлиб ўтган Олимпиадада аёллар ўртасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган ягона велоспортчи бўлганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Бундан ташқари, Ольга Забелинская турли халқаро пойгаларда мунтазам иштирок этиб, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга ҳисса қўшмоқда. Масалан, жорий йилнинг июн ойида у машҳур UCI - Jiro d'Italia Donne пойгасида, июль ойида эса Tour de France Femmes avec Zwift пойгасида ҳам қатнашди. Яқинда эса у Австралиянинг Вуллонгонг шаҳрида ўтказилган шоссе велоспорти бўйича Жаҳон чемпионатида иштирок этди.