Қирғизистонда Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз бир йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди
Мамлакатимизнинг Қирғизистондаги элчихонасида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллигига бағишланган байрам тадбири ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирга Қирғизистонда таҳсил олаётган талабалар, ватандошлар, ўзбек диаспораси, Ўзбек миллий-маданий маркази ҳамда «Қирғизистон-Ўзбекистон» дўстлик жамияти фаоллари таклиф этилди.
Байрам тантаналари «Мустақиллик - энг улуғ ва энг азиз неъмат» мавзусида ўзбекистонлик талабалар иштирокидаги «Маърифат соати» билан бошланди.
Фаол талабаларга элчихона ва Ёшлар бутунжаҳон ассоциацияси томонидан «Миннатдорлик хати» тантанали равишда топширилди. Йиғилганлар ўртасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мустақиллик барайми муносабати билан халқимизга йўллаган байрам табриги матни, республикада чоп этилган қатор адабиёт, қўлланма ва брошюралар тарқатилди.
Элчихона вакиллари томонидан 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитининг асосий натижалари, Ўзбекистон раҳбари томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббусларнинг мазмун-моҳияти, саммитда қабул қилинган ҳужжатлар ҳақидаги батафсил маълумотлар иштирокчиларнинг эътиборига ҳавола қилинди.
Тадбирнинг фахрий меҳмонлари - «Ўзбекистон-Қирғизистон» дўстлик жамияти раиси Бахтиёр Фаттоҳов ва ватандошимиз Зафаржон Ҳакимов Самарқандда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тадбирлари жуда самарали якунлангани, саммитда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган муҳим ташаббуслар Қирғизистон ўзбекларида ифтихор туйғуларини уйғотганини қайд этдилар.
Тадбир доирасида ўзбек санъат усталари томонидан тайёрланган маданий дастур ҳам намойиш этилди.