Тошкентда ШҲТ ахборот хавфсизлиги форуми ўз ишини бошлади
Бугун эрталаб пойтахтимизда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ахборот хавфсизлиги бўйича илмий-эксперт форуми ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу анжуман давлатимиз раҳбари ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг Ижроия қўмитаси томонидан ташкил этилди.
Ахборот хавфсизлиги масалалари бўйича мулоқот хорижий иштирокчиларнинг онлайн алоқаси воситасида гибрид форматда ҳам ўтказилади.
Форумда ШҲТга аъзо давлатларнинг тегишли вазирлик ва идоралари, илмий, академик ва таҳлил доиралари вакиллари орасидан 30 нафардан ортиқ етакчи экспертлар иштирок этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ушбу анжуманни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ШҲТнинг 2021 йил 17 сентябрида бўлиб ўтган Душанбе саммитида илгари сурилган эди.
Форумнинг кун тартиби 3 та мавзуни қамраб олган сессияларга бўлинади:
I. "Ахборот олиш имкониятини кенгайтириш - замонавий жамият тараққиётининг муҳим омили";
II. "Ахборот ва мафкуравий таҳдидлар ва самарали жавоб чораларини ишлаб чиқиш";
III. "АКТ изчил ривожланиши шароитида муҳим ахборот инфратузилмаси объектларини ҳимоя қилиш".
Мухтасар қилиб айтганда, ташкил этилган ушбу тадбир минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ШҲТга аъзо давлатларнинг ахборот ва кибер макондаги таҳдидларга қарши курашиш салоҳиятини оширишга хизмат қилади.