Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистоннинг Ҳирот шаҳридаги “Гузаргоҳ” масжидида содир этилган террорчилик ҳаракатини қатъий қоралади
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги жума куни Афғонистоннинг Ҳирот шаҳридаги “Гузаргоҳ” масжидида намоз вақтида содир этилган террорчилик ҳаракати муносабати билан расмий баёнот эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Афғонистоннинг Ҳирот шаҳридаги "Гузаргоҳ" масжидида 2022-йил 2 сентябрь куни жума намози пайтида содир этилган ҳамда тинч аҳоли орасида кўплаб инсонларнинг қурбон бўлиши ва жароҳатланишига сабаб бўлган террорчилик ҳаракатини қатъий қоралаймиз, - дейилади баёнотда. - Бу каби қабиҳ ҳаракатлар Афғонистондаги вазиятнинг кескинлашишига олиб келиши баробарида, мамлакатда узоқ муддатли ва барқарор тинчлик ҳамда миллий тотувликнинг ўрнатилишига тўсқинлик қилади.
Ҳалок бўлганларининг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жабрланганларнинг соғайиб кетишини тилаймиз”.