Сенат қўмитасида Ташқи ишлар вазирлигининг 2022 йилнинг биринчи ярмидаги фаолияти тўғрисидаги ахборот дастлабки тарзда кўриб чиқилди
Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг мажлисида Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси доирасида муҳокама этилиши режалаштирилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, сенаторлар “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги Қонунни муҳокама қилдилар. Қонунни ўрганиш бўйича Сенат томонидан тузилган ишчи гуруҳ ўз фаолияти натижалари ҳақида маълумот берди. Вазирлик ва идоралар, экспертлар томонидан кўриб чиқилаётган Қонунни такомилига етказиш бўйича 60 дан ортиқ турли таклифлар киритилгани таъкидланди. Кенг қамровли ўрганиш ҳужжатда амалдаги қонунчиликка зид бўлган ва янада ривожлантиришни талаб қилувчи бир қатор нормалар ва формулалар мавжудлигини кўрсатди.
Шундан сўнг Ташқи ишлар вазирлигининг 2022 йилнинг биринчи ярмидаги фаолияти тўғрисидаги ахборот кўриб чиқилди. Маърузада мамлакатимиз ташқи сиёсат идорасининг халқаро майдонда миллий манфаатларни ифодалаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантириш, хорижда фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, халқаро муносабатлар соҳасида давлат тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар натижалари тақдим этилди.
Шунингдек, олий даражадаги ташрифлар якунлари бўйича тасдиқланган “йўл хариталари”нинг вазирлик ва Ўзбекистоннинг хориждаги муассасалари томонидан амалга оширилишининг бориши муҳокама қилинди.
Мажлис якунлари бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.