Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг 17-учрашуви бўлиб ўтди
18-19 август кунлари Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) раислиги доирасида Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг 17-учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Анжуманда ШҲТга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар, шунингдек, Ташкилот котибияти ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг учрашув қатнашчиларига табригини ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг ШҲТ ҳудудида хавфсизликка нисбатан замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга биргаликда қарши туришга қаратилган ҳамкорликдаги амалий фаолият юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Терроризм ва экстремизмга, гиёҳванд моддалар ва қурол-яроғ ноқонуний айланмасига ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган жиноятларга қарши биргаликда кураш олиб бориш юзасидан белгиланган вазифалар доимо диққат марказида экани алоҳида таъкидланди.
Самарқанд шаҳрида жорий йил сентябрь ойида бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари саммитига тайёргарлик билан боғлиқ айрим жиҳатлар алоҳида кўриб чиқилди.
Мулоқот якуни бўйича Учрашув протоколи имзоланди ва барча келишувлар акс этган ахборотнома қабул қилинди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон ва бир қатор давлатлар делегациялари ўртасида учрашувлар ўтказилди.
Мулоқотлар давомида минтақавий хавфсизлик билан боғлиқ кенг кўламли масалалар юзасидан фикр алмашилди, муайян соҳалар бўйича ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболига оид қатор жиҳатлар кўриб чиқилди.