ШҲТга аъзо давлатлар ички ишлар вазирликлари раҳбарлари халқаро ва минтақавий хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди
Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) раислиги доирасида 18 август куни Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирларининг тўртинчи Кенгаши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Кенгашда ШҲТга аъзо давлатларнинг ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирликлари раҳбарияти ва вакиллари, шунингдек, ШҲТнинг доимий органлари иштирок этди. Учрашувда ШҲТга кузатувчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам қатнашди.
Учрашув чоғида делегациялар раҳбарлари халқаро ва минтақавий хавфсизлик, ҳамкорликни янада ривожлантириш, терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашиш масалалари борасида ўзаро фикр алмашди. Шунингдек, ШҲТга аъзо давлатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлиги тўғрисида юқори даражадаги ўзаро келишувга эришилди.
Халқаро майдонда ўсиб бораётган беқарорлик ва нотинчликни ҳисобга олган ҳолда, ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирликлари йўналиши бўйича ШҲТ доирасида ҳамкорликни янада фаоллаштириш масаласи ҳам кенгашнинг кун тартибидан ўрин олди.
Терроризм, экстремизм ва сепаратизм, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмаси каби жиноятларга қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, ШҲТ маконида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни сақлаш устувор ва долзарб ҳисобланиши қайд этилди.
Вазирлар бир овоздан «Шанхай руҳи» тамойилларига мувофиқ трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида очиқ мулоқот ва амалий ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлаб ўтди.
Томонлар ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни амалга ошириш зарурлигини қайд этиб, ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирликларининг ўзаро ҳамкорлиги орқали ШҲТнинг келишув-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратди.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг ШҲТга аъзо давлатлар ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирларининг тўртинчи Кенгашига пухта тайёргарлик кўрилганлигини ва юқори ташкилотчилик даражасида ўтганлигини эътироф этди.
Тадбир сўнгида Кенгаш баённомаси имзоланди.