Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев:: ШҲТ мамлакатларининг келишилган ҳолда иш олиб бориш йўли қўшни Афғонистоннинг тинч ва барқарор ривожланиш йўлига тезроқ киришига имкон беради
Бугун Тошкентда бошланган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари Кенгаши йиғилишида сўзга чиққан Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев яқинда Тошкентда бўлиб ўтган юқори даражадаги Афғонистон бўйича халқаро анжуманнинг долзарблигини таъкидлади.
- ШҲТ маконида хавфсизликни таъминлаш масалалари ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бормоқда, деди у. - Шунинг муносабати билан, биз барча мамлакатларнинг тегишли ташаббусларини, шу жумладан, Қирғизистон Республикасининг Бишкекда халқаро уюшган жиноятчиликка қарши кураш учун марказ ташкил этиш ташаббусини ҳисобга олган ҳолда, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг ташкилот давлатлари хавфсизлигига хавф-хатар ва таҳдидларга қарши курашиш механизмини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорини амалга оширишга эътибор қаратишимиз зарур.
Хавфсизлик ҳақида гапирар эканмиз, афғон муаммосига тўхталмаслик мумкин эмас. Афсуски, минтақавий хавфсизликка жиддий таъсир кўрсатаётгани ҳолда у ердаги вазият мураккаблигича қолмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ташаббуси билан Тошкентда афғон вакиллари делегацияси иштирокида Афғонистон бўйича халқаро конференциянинг ўтказилгани нафақат ўринли, балки ўз вақтида ташланган қадам бўлди. Бизнинг фикримизча, ШҲТ мамлакатларининг келишилган ҳолда иш олиб бориш йўли қўшни Афғонистоннинг тезроқ тинч ва барқарор ривожланиш йўлига киришига имкон беради. Қирғизистон ўз томонидан ШҲТнинг барча манфаатдор мамлакатлари билан бу борада ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдиради.