Ўзбекистон вакиллари оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпиоатида иккита олтин медални қўлга киритди
Грециянинг Ираклион шаҳрида ўтказилаётган оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган атлетларимиз Шарофиддин Амриддинов ва Турсуной Жабборова ўз вазн тоифаларида олтин медални қўлга киритди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Йигитлар ўртасида -102 кг вазн тоифасидаги баҳсларда Шарофиддин Амриддинов даст кўтариш машқида 168 кг натижа билан кумуш медални қўлга киритди. Силтаб кўтариш машқида эса 204 кг тошни кўтариб, биринчи ўринни эгаллади. Ҳар икки машқ якунига кўра 372 кг натижа қайд этган полвонимиз чемпионлик унвонига сазовор бўлди.
Ушбу вазнда иккинчи ўринни Арманистон вакили Петрос Петросян эгаллади. Учинчи ўрин эса Фаластин спортчиси Муҳаммад Ҳамадага насиб қилди.
Қизлар ўртасида -87 кг вазн тоифасида ўтказилган баҳсларда олтин медални қўлга киритган Турсуной Жабборова даст кўтариш машқида 109 кг, силтаб кўтариш машқида 129 кг тошни кўтаришга муваффақ бўлди. Икки курашдаги 238 кг натижа юртдошимизга мутлақ чемпионликни тақдим этди.
Қизлар ўртасидаги -87 кг вазн тоифасидаги баҳсларда иккинчи ўринни кубалик штангачи Энтенза Рейес, учинчи поғонани эса АҚШ вакили Элизабет Оуенс қўлга киритди.