Ўзбекистон Президенти раислигида ўтган йиғилишда эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлар белгиланди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бугун эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига таяниб.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ижтимоий адолат тамойили асосида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни бартараф этиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Аслида бу юртимиздаги халқпарвар ишларнинг узвий давомидир.
Охирги йилларда эътиборга муҳтож аҳоли қатламига ғамхўрлик кўрсатиш бўйича янги тизим яратилди. Ушбу тизимга мувофиқ, Меҳрибонлик уйларидаги 1 минг 500 га яқин болалар оилаларга олинди, 116 та Оилавий меҳрибонлик уйи ташкил қилиниб, 700 га яқин ўғил-қизларнинг ота-она бағрида вояга етиши учун шароит яратилди.
Ўтган йили 757 нафар кўнгли ярим бола уй-жой билан таъминланди. Давлат ҳисобидан 4 мингдан зиёд болаларда мураккаб операциялар ўтказилди.
Ногиронлиги бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш кўлами ҳам кенгайди. Жумладан, ўтган йили 42 мингга яқин кишига реабилитация ва протез-ортопедия мосламалари олиб берилди. Эшитиш қобилияти заиф 555 нафар бола кохлеар имплант билан таъминланди. 4 минг нафар кўзи ожиз болага Брайл алифбоси тарқатилди.
Эътиборлиси, 35 мингга яқин парваришга муҳтож болаларнинг оналарига 500 минг сўм нафақа тўлаш жорий этилди. Бундай тизим бизда илгари бўлмаган.
Шунингдек, болаликдан ногирон ҳамда биринчи ва иккинчи гуруҳ ногирони бўлган шахслар ойлигининг 2 миллион 500 минг сўмгача қисми даромад солиғидан озод қилинди. Иш берувчилар томонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси бюджетдан тўлиқ қайтариб берилмоқда.
Булардан ташқари, пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдори бирйўла 40 фоизга оширилди. Умуман, нафақа олувчилар сони 2016 йилги 466 минг нафардан 2022 йилда 1 миллион 860 мингтага етказилди.
Шунингдек, хайрия жамғармалари, жамоатчилик ташаббуси орқали ҳам кўплаб инсонларга кўмак берилди.
Йиғилишда ушбу эзгу ишларни давом эттириш, юртимиздаги меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган янада кенг имкониятлар белгиланди.
Мамлакатимизда 3 миллиондан ортиқ нуронийлар бор. Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги орқали уларга ғамхўрлик қилиш, саломатлигини асраш эътиборга олинган.
Йиғилишда ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ҳар йили санаторийларда даволаниши, кам таъминланган нуронийларнинг дори-дармон ва ортопедия мосламалари, жарроҳлик амалиётлари харажатлари давлат томонидан қоплаб берилиши қайд этилди.
Кексаларнинг спорт билан шуғулланиши, театр ва музейларга бориши, юртимиз бўйлаб саёҳат қилиши учун енгилликлар белгиланди.
Эҳтиёжманд аҳолини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида бугун пенсия ва нафақаларни 1 майдан 12 фоизга ошириш тўғрисида Президент фармони имзоланди. Бу орқали 4 миллион 100 минг аҳоли хонадонига қўшимча маблағ кириб боради. Бу мақсадлар учун жорий йилда 4 триллион сўм йўналтирилади. Шунингдек, энг кам пенсия оладиган 725 минг нафар аҳолининг пенсияси 14 фоизга оширилади.
Бундан ташқари, 9 май арафасида уруш қатнашчиларига 15 миллион сўмдан бир марталик пул мукофоти берилади.
Ногиронлиги бўлган эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш тизими ҳам кенгайтирилиши маълум қилинди. Жумладан, 1 майдан бошлаб, ногиронлиги бўлган фуқароларни ишга олган корхоналарга, 6 ой давомида ҳар бир шундай ходими учун 400 минг сўмдан субсидия берилади.
Ўзини ўзи банд қилган ва ҳунармандчилик билан шуғулланадиган ногиронлиги бўлган шахсларга асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун субсидия ажратилади. Улар касб-ҳунарларга давлат ҳисобидан ўқитилади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига шу борада топшириқ берилди.
Ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлайдиган нодавлат ташкилотлари ва уларнинг ҳудудий бўлимлари ходимларига ойлик тўлаш учун давлатдан субсидия ажратилади.
Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларни тўлиқ таълимга жалб этиш мақсадида “Нурли маскан” мактабларида янги ўқув йилидан қўшимча 850 та ўқув хонаси ва 1 минг 200 та ётоқхона ўрни ташкил этилади. Давлат буюртмаси асосида, ушбу мактаб кутубхоналари Брайль ёзувидаги дарслик ва ўқув қўлланмалари, бадиий адабиётлар билан таъминланади.
Мутасадди вазирликларга боғча ёшидаги кўзи ожиз болалар учун босқичма-босқич бир йиллик тайёрлов гуруҳлари ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, 3 мингдан зиёд заиф эшитувчи болаларга замонавий эшитиш мосламалари етказиб берилади. Махсус мактаб-интернатларнинг барча ходимларига 50 фоизлик устама тўлаш жорий этилади.
Ногиронлиги бўлган болаларнинг маънавий камол топиши учун 108 та мактаб-интернатга ҳар йили 20 мингдан ортиқ махсус адабиётлар харид қилинади.
Ногиронлиги бўлган кексаларга ҳам, алоҳида эътибор қаратилади. Мисол учун, аввал ишламаган, “Саховат” уйларидаги яшовчи мингга яқин кишига ҳозир ҳеч қандай тўлов йўқ. Энди уларга ҳам шахсий харажатлари учун қарилик нафақасининг 20 фоизи тўлаб берилади.
Ҳозирги кунда ногиронлик пенсияси фуқароларнинг аввалги ишлаган стажи ва ойлигидан келиб чиқиб ҳисобланади. Бу – 75 мингдан ортиқ ишлаётган ногиронлиги бор фуқароларнинг даромадига бевосита таъсир қилмоқда.
Энди, уларнинг пенсияси ҳар икки йилда қайта ҳисобланиб, иш стажи ва ойлигига қараб ошириб борилади. Бунга 300 миллиард сўм қўшимча маблағ йўналтирилади.
Оилавий болалар уйларига бюджетдан маблағ ажратиш тартиби соддалаштирилади. Яъни, кундалик харажатларни қоплаш учун маблағ ота-оналарнинг шахсий пластик картасига ўтказилади. Шунингдек, оилавий болалар уйларининг коммунал тўловлари аҳоли учун белгиланган тарифларда олинади.
Бундан ташқари, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабаларга озиқ-овқат ва кийим-кечак хариди учун 10 миллион сўмдан ажратиш амалиёти нодавлат олийгоҳларда ҳам жорий этилади.
Умуман, 376 та Меҳрибонлик, Саховат ва Мурувват уйлари, махсус мактаб-интернатларни таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича 600 миллиард сўмлик алоҳида дастур қабул қилиниши айтилди.
Президентимиз маҳаллаларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан манзилли ишлаб, уларга кўмаклашиш тажрибасини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Унга кўра, хотин-қизлар фаоллари ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан бирга ҳар бир хонадонга кириб, оилалардаги ҳақиқий ҳолат ва ижтимоий хизматларга эҳтиёжни аниқлайди. Бу хизматлар ўз вақтида ва сифатли кўрсатилишини ташкил қилади. Мураккаб тиббий операцияларга муҳтожлар бепул даволанади.
Давлатимиз раҳбари ишлайдиган аёлларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилишини таъкидлади.
Бугунги кунда норасмий секторда аёллар улуши 57 фоизни ташкил қилмоқда. Чунки кўплаб иш берувчилар ҳомиладорлик нафақасини тўламаслик учун аёлларни расмий ишга олмасликка ҳаракат қилади.
Шу боис 2022 йил сентябрдан бошлаб, туғруқ таътили тўловининг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан тўлаш тартиби йўлга қўйилади. Бунинг учун Молия вазирлиги ҳузурида Ижтимоий суғурта жамғармаси тузилиб, жорий йилда унга бюджетдан 170 миллиард сўм ажратилиши қайд этилди.
Рамазон ойи – меҳр-оқибат ва бағрикенглик ойидир. Шу муносабат билан, Президентимиз адашиб жиноятга қўл урган, айбини чуқур англаб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 65 нафар фуқарони афв этиш бўйича фармон қабул қилди. Энди бу инсонлар Рамазон ҳайити байрамини ўз уйида, яқинлари бағрида кутиб олади.
Халқимиз анъаналарига кўра, кўчалар, хиёбонлар тозаланиб, ободонлаштирилади. Кексалар, боқувчисини йўқотган оилалар, ногиронлиги бўлган эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олинади.
– Улуғ мутафаккир Алишер Навоий бобомиз айтганидек, одамларнинг дардига дармон бўлиш – инсонийликнинг олий намунаси эканини унутмаслигимиз, бундай эзгу иш услуби бизнинг нафақат хизмат вазифамиз, виждоний бурчимизга айланиши керак, – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Мутасаддиларга йиғилишда белгиланган моддий ёрдам тизимини амалга ошириш, байрам кунларида муҳтожлар ҳолидан хабар олиб, уларга совға ва мукофотларни етказиш топширилди.