Умуминсоний қадриятлар акс этган янги ҳаёт нафаси «Бойсун баҳори» элларни, дилларни ўзаро боғлайди
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 7 февралдаги қарорига мувофиқ, 7-8 май кунлари Бойсун туманида халқимизнинг кўп асрлик қадриятларини тараннум этувчи «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивали бўлиб ўтади. Ҳозир ЮНЕСКО, Маданият вазирлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказиладиган ушбу халқаро санъат анжуманига ҳар жиҳатдан пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Айни кунларда асосий тадбирлар бўлиб ўтадиган бойсун туманидаги баҳаво паданг қишлоғи кенгликларида воҳадаги ўттизга яқин йирик корхона, ташкилот томонидан туманлар ва термиз шаҳри ҳудудларининг миллий қадрият ҳамда урф-одатлари намоён этиладиган қўрғонлар барпо этилиб, қадимий ўтов уйлар қурилмоқда.
Фестиваль аждодлардан мерос миллий қадриятларни тиклаш, хусусан, халқ оғзаки ижоди анъаналарини асраб-авайлаш ва уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга хизмат қилади. Миллий қадриятлар бешиги бўлган Бойсун маданий муҳити 2001 йилда ЮНЕСКО томонидан «инсониятнинг оғзаки ва номоддий маданий мероси» сифатида эътироф этилди. 2008 йили эса ЮНЕСКОнинг Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди. Бу, ўз навбатида, Бойсун халқ маданияти ва унинг бадиий анъаналарини сақлаш ва ёзиб олиш ҳамда кенг кўламда илмий тадқиқ этиш жараёнига сабаб бўлди. ЮНЕСКО ҳамкорлигида 2002-2006 йилларда «Бойсун баҳори» очиқ фольклор фестивали ва унинг доирасида халқаро илмий анжуманлар ўтказилиши баробарида халқ оғзаки ижоди ва амалий санъати намойишига ҳам кенг ўрин берилган. Аммо бир муддат фестиваль эътибордан четда қолди. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йилда Сурхондарёда бўлиб ўтган сайловолди учрашувида маҳаллий фаоллар томонидан «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивалини тиклаш ва уни ўтказиш таклифи билдирилди. Шунга мувофиқ, 2017 йилдан буён бу халқаро санъат анжумани анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда.
Айни кунларда асосий тадбирлар бўлиб ўтадиган Бойсун туманидаги баҳаво Паданг қишлоғи кенгликларида воҳадаги ўттизга яқин йирик корхона, ташкилот томонидан туманлар ва Термиз шаҳри ҳудудларининг миллий қадрият ҳамда урф-одатлари намоён этиладиган қўрғонлар барпо этилиб, қадимий ўтов уйлар қурилмоқда.
Вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси муқаддас зиёратгоҳлар, тиббиёт, агро, этно ва бошқа туристик объектларга қизиқарли саёҳатлар уюштиришни режалаштирган. Фестивалга узоқ-яқиндан келадиган шинавандалар ҳаво шарлари ва аэропланларда Бойсуннинг мафтункор табиатга эга гўзал тоғ манзараларини мириқиб томоша қиладилар. Тадбирда жаҳоннинг 30 дан ортиқ давлатидан номоддий маданий мерос мухлислари ва мутахассислари қатнашиши кутилмоқда.
— Халқаро фольклор фестивали дои расида халқ сайллари, концертлар, миллий таом, ҳунармандлик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмалари ташкил этиш, воҳанинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар уюштириш, этноспорт, веломарафон, миллий кураш мусобақаси, улоқ-кўпкари, варрак учириш, арқон тортиш, чиллак каби турли беллашув, Хўжамайхона булоқ суви бўйлаб сўлим дарада веломарафон ўтказиш режалаштирилган, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари, туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи Жўрабек Тўраев. — Халқаро фестиваль доирасида нафақат нафис фольклор санъатимиз, балки бой маданиятимиз, этнография ва қадимий спорт ўйинларимиз ҳам кенг намойиш этилади. Хотин-қизлар учун аёллар бахшичилиги, чанқовуз чалиш, жамалак ўриш, қирқкокил, миллий ипаклар, қадимий миллий кийим-кечаклар кўргазмаси сингари нафис маданий тадбирлар ўтказилади. Миллий ҳунармандлик буюмлари намойиши ва савдоси ташкил этилади. «Элимиз таомлари» кўргазмасидан сурхонча тандир кабоб, юпқа, ғилминди, шифобахш тоғ гиёҳларидан тайёрланадиган турли таомлар жой олади.
Куни кеча Термиз шаҳридаги Матбуот уйида «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивалига тайёргарликка бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Дунё аҳлини ўзига чорлаётган сўлим ва осойишта гўша тарихи, нафис ва бой номоддий маданий мероси, миллий ҳунармандлиги, этнографияси ва археологиясининг жаҳон тараққиётида тутган ўрни, ҳудудда туризмни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар соҳа мутахассислари иштирокида кўриб чиқилди.
Халқ руҳиятини ўзида акс эттирган фольклор санъати дурдоналарида ҳаёт завқи, тириклик шукронаси, тинчлик ва дўстлик, биродарлик ва ҳамжиҳатлик тараннум этилади. Сурхон воҳаси бўйлаб «Бойсун баҳори» давом этаркан, уйғониш фаслининг завқи ва шавқи эллардан элларга, диллардан дилларга кўчиши, шубҳасиз!